Бош саҳифа / Вилоят ҳокимлиги / Маҳаллий давлат ҳокимияти
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Маҳаллий давлат ҳокимияти

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

№ 913-XII 02.09.1993 й.


МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 241-модда; 1999 й., 1-сон, 20-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда; 2005 й., 52-сон, 385-модда; 2007 й., 15-сон, 153-модда; 39-сон, 399-модда; 2008 й., 52-сон, 513-модда; 2013 й., 52-сон, 686-модда; 2014 й., 16-сон, 177-модда, 20-сон, 222-модда; 2015 й., 23-сон, 301-модда)

I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти

Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан, шунингдек шаҳарлар таркибига кирувчи туманлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидир.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими вилоят, туман ва шаҳарнинг олий мансабдор шахси бўлиб, айни бир вақтда тегишли ҳудуддаги вакиллик ва ижроия ҳокимиятини бошқаради. Вилоят ҳокими, Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордирлар. Туман, шаҳар ҳокими юқори турувчи ҳоким ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордир.

Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким вилоят, туман ва шаҳар учун умумий бўлган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифалари амалга оширилишини, жойларда қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган ҳужжатлар, юқори турувчи халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимлар қарорларининг ижросини, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқаларни, аҳолини вилоят, туман ва шаҳарни бошқаришга жалб этишни таъминлайди.

(1-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сонли Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)

Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари ва ҳокимлар Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга эга бўладилар.

2-модда. Маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти бошлиғини лавозимига тайинлаш ва лавозимдан озод этиш

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзоди тасдиқланган ҳисобланади.

Агар овоз бериш вақтида вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти мазкур лавозимларга номзодларни партия гуруҳлари билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг бир ой ичида яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Тегишли халқ депутатлари Кенгаши тақдим этилган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодларини уч марта рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчини тайинлаш, тегишли халқ депутатлари Кенгашини тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга. Бунда халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорига мувофиқ ҳоким номзоди бўйича фармон қабул қилади.

Туман, шаҳар ҳокимлари вилоят ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари орасидан тайинланади ва тасдиқланади.

Шаҳардаги туман, туманга бўйсунувчи шаҳар ҳокимлари тегишинча шаҳар, туман ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Вилоят ҳокими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда шаҳар ҳокимини туман (шаҳар таркибига кирувчи туманлар бундан мустасно) ҳокимига бўйсундириш ва ягона бошқарув органларини тузиш ваколатига эга бўлиб, бу хусусдаги қарор кейинчалик халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимларнинг ваколат муддати — беш йил.

(2-модда матни Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-90-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 15-сон, 153-модда)

3-модда. Ўзбекистон Республикасининг маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонунлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Қорақалпоғистон Республикасида халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари ва тегишли ҳокимларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари билан тартибга солинади.

4-модда. Ҳокимият вакиллик органлари ва ҳокимларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро муносабатлари

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими тегишли ҳудудда ўзини ўзи бошқаришни ривожлантиришга кўмаклашадилар, ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини йўналтириб турадилар.

5-модда. Халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимларнинг Ўзбекистон Республикаси бошқа маъмурий-ҳудудий тузилмалари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро муносабатлари

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими берилган ваколатлари доирасида умум манфаатни ифодаловчи тадбирлар ўтказиш, қўшимча корхоналар, хўжалик ташкилотлари тузиш учун, турли тармоқлар ва бошқарув соҳаларида фаолиятларни уйғунлаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг, Ўзбекистон Республикаси бошқа вилоятлари, шаҳарлари ва туманларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан шартномалар асосида ўзаро муносабатлар ўрнатишга ҳақлидирлар.

6-модда. Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким қабул қиладиган ҳужжатлар

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши қарорлар қабул қилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими қарорлар қабул қилади ва фармойишлар чиқаради.

Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким қабул қилган ҳамда чиқарган ҳужжатлар имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради, башарти ана шу ҳужжатларда ўзга тартиб белгиланмаган бўлса. Халқ депутатлари Кенгашининг ва ҳокимнинг норматив-ҳуқуқий тусдаги ҳужжатлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

(6-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)

Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ҳужжатлар вилоят, туман, шаҳар ҳудудида жойлашган барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

II БОБ. МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ФАОЛИЯТИНИНГ ИҚТИСОДИЙ АСОСИ

7-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти фаолиятининг иқтисодий асосини ташкил этувчи мулк шакллари

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими фаолиятининг иқтисодий асосини маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг давлат мулки (коммунал мулк) ҳамда вилоят, туман ва шаҳарда мавжуд бўлиб, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга хизмат қилувчи бошқа мулк ташкил этади.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими мутлоқ Ўзбекистон Республикаси мулкида бўлган давлат мулки объектларига нисбатан ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларни самарали жойлаштириш, табиий ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза этиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида назоратни амалга оширадилар.

Вилоят, туман, шаҳар мулкини, шунингдек вилоят, туман ва шаҳарга хўжалик юритиш учун берилган давлат мулки объектларини бошқариш тартиби ушбу Қонун, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан йўлга солинади.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши, вилоят, туман, шаҳар ҳокими ўзлари идора қилаётган ҳудуддаги мулкчиликнинг турли шаклига асосланган корхоналар учун Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилмаган, тадбиркорлик ва хўжалик фаолиятини эркин юритишга тўсқинлик қиладиган чекловларни жорий этишга ҳақли эмаслар.

8-модда. Вилоят, туман, шаҳар мулки

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши давлат мулкини чегаралаш натижасида ўзига берилган ёки қонунларга мувофиқ ўзи сотиб олган объектларга нисбатан мулкдор ваколатларини тўлиқ амалга оширади.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг мол-мулки, маҳаллий бюджетларнинг маблағлари ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг маблағлари вилоят, туман, шаҳар мулкидир. Вилоят, туман, шаҳар аҳамиятига эга бўлган муҳандислик инфраструктураси объектлари ва бошқа объектлар, корхоналар ва бирлашмалар, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, фан ва маданият муассасалари, вилоят, туман, шаҳар маблағи ҳисобидан ташкил этилган ёки сотиб олинган, шунингдек улушбай асосларда ташкил этилган ёки сотиб олинган ёхуд халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашига бошқа манбалардан бепул берилган қимматли қоғозлар ва молия активлари вилоят, туман, шаҳар мулки бўлиши мумкин.

(8-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-361-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 686-модда)

81-модда. Маҳаллий ҳокимият органларининг вилоят, туман, шаҳар бюджетдан ташқари жамғармалари

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши бюджетдан ташқари жамғармалар ташкил этиши мумкин, уларга қуйидагилар киритилади:

фуқаролар, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг, бундан бюджет ташкилотлари мустасно, ихтиёрий бадаллари ва хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа бюджетдан ташқари маблағлар.

Маҳаллий ҳокимият органлари вилоят, туман, шаҳар бюджетдан ташқари жамғармаларининг маблағлари шахсий ғазна ҳисобварақларида туради, олиб қўйилмайди ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимнинг қарорига кўра сарфланади.

(81-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-361-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 686-модда)

9-модда. Вилоят, туман, шаҳар мулки объектларини бошқариш

Халқ депутатлари Кенгаши, ҳоким вилоят, туман, шаҳар мулки объектларини Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган доирада бошқаради.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ҳамда вилоят, туман, шаҳар ҳокими тегишли вилоят, туман, шаҳар мулкида бўлган объектларни Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган тартибда ва доирада вақтинча ёки доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш учун беришга ҳақлидир.

10-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларини тартибга солиши

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, деҳқон хўжаликлари ва фуқароларга эгалик қилиш, фойдаланиш учун ва ижарага ер беришга, бу субъектларнинг ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб қўйишга, шунингдек ерларни олиб қўйишга ҳақли бўлиб, қабул қилинган бу хусусдаги қарорлар халқ депутатлари тегишли Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Халқ депутатлари Кенгаши, ҳоким Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ер муносабатларига доир бошқа масалаларни ҳал қиладилар.

(III боб Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-361-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 686-модда)

IV БОБ. МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВАКИЛЛИК ОРГАНЛАРИНИНГ СТРУКТУРАСИ ВА УЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ ТАШКИЛИЙ АСОСЛАРИ

16-модда. Халқ депутатлари Кенгашини сайлаш

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ вилоят, туман, шаҳар аҳолиси томонидан сайланадиган халқ депутатларидан иборат бўлади.

17-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг сессиялари

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг асосий иш шакли сессиядир. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг сессиялари тегишли ҳоким, ҳоким йўқлигида эса унинг ўринбосарларидан бири томонидан заруратга қараб бироқ, йилига камида икки марта чақирилади. Сессия, шунингдек халқ депутатлари тегишли Кенгаши депутатлари камида учдан икки қисмининг ташаббусига биноан ҳам чақирилиши мумкин. Кенгаш сессиясини чақириш тўғрисидаги қарордан депутатлар сессия очилишидан камида етти кун олдин хабардор қилинади.

Янги сайланган халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг биринчи сессияси ҳоким томонидан сайловдан кейин кечи билан уч ҳафталик муддат ичида чақирилади ва у кекса депутатлардан бири томонидан очилади. Халқ депутатлари Кенгаши сессияларида ҳоким, у йўқлигида эса Кенгашнинг қарорига ёки ҳокимнинг топшириғига биноан мазкур Кенгашнинг депутатларидан бири раислик қилади.

Халқ депутатлари Кенгашининг ҳар бир сессиясини ўтказиш даврида депутатлар орасидан сессия котиби ёки котибияти сайланади.

Халқ депутатлари Кенгашининг сессияси, башарти унда жами депутатларнинг камида учдан икки қисми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиясида муҳокама қилинаётган масалалар бўйича очиқ ёки яширин овоз бериш орқали, депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилинади.

18-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг Иш тартиби

Халқ депутатлари Кенгаши сессияларини чақириш ва ўтказиш, сессия муҳокамасига масалалар киритиш ва уларни қараб чиқиш, халқ депутатлари Кенгаши органларини ташкил этиш ва сайлаш, уларнинг фаолиятига доир ҳисоботларни тинглаш, депутатлар сўровларини, қарор лойиҳаларини қараб чиқиш, овоз бериш, қарорларни эълон қилиш, сессияга таклиф этиладиган шахслар сонини аниқлаш тартиби, шунингдек депутатларнинг масъулияти ва сессия ишини ташкил этишга доир бошқа масалалар халқ депутатлари Кенгашининг Иш тартибига мувофиқ белгиланади.

19-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг доимий комиссиялари

Сессия муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда қараб чиқиш ва тайёрлаш, халқ депутатлари Кенгаши қарорларини ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини рўёбга чиқариш учун кўмаклашиш, ваколатлари доирасида назорат ўрнатиш мақсадида халқ депутатлари Кенгаши ўз ваколати муддатига доимий ва муваққат комиссиялар тузади. Комиссиялар тўғрисидаги Низом тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

20-модда. Халқ депутатлари Кенгаши фаолиятини ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан таъминлаш

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш тегишли ҳокимлик аппарати томонидан таъминланади.

V БОБ. МАҲАЛЛИЙ ИЖРОИЯ ҲОКИМИЯТИ ОРГАНЛАРИ

21-модда. Маҳаллий ижроия ҳокимиятнинг раҳбарияти

Вилоят, туман, шаҳар ижроия ҳокимиятига ҳоким бошчилик қилади. Ҳоким Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган миқдорда биринчи ўринбосар ва ўринбосарларга эга бўлади.

(21-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрдаги 729-I-сонли Қонунига асосан чиқариб ташланган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1999 й., 1-сон, 20-модда)

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳамда ўринбосарлари ҳоким томонидан Ўзбекистон Республикасининг Президенти билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, бу хусусда қабул қилинган қарор тегишли халқ депутатлари Кенгашининг тасдиғига киритилади.

Туман, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари тегишли ҳоким томонидан юқори турувчи ҳоким билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, бу хусусда қабул қилинган қарор туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг тасдиғига киритилади.

Шаҳардаги туман, туманга бўйсунувчи шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари тегишли ҳоким томонидан юқори турувчи ҳоким билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Ҳокимнинг ўринбосарлари ҳоким томонидан белгиланган вазифалар тақсимотига мувофиқ иш бажарадилар. Ҳоким йўқлигида ёки у зиммасидаги вазифаларни бажариш имкониятига эга бўлмаган тақдирда унинг ваколатларини биринчи ўринбосар ёки ҳокимнинг топшириғига биноан унинг ўринбосарларидан бири бажаради.

Ҳоким, унинг ўринбосарлари, ҳокимликнинг бошқа ходимлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахслари бошқа ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллашлари мумкин эмас.

22-модда. Маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг структура ва штатлари

Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари (ҳокимликлар) бошқармалар, бўлимлар ва бошқа бўлинмалардан иборат бўлиб, уларнинг структураси, уларни ташкил этиш тартиби ва фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган тегишли низомлар билан белгиланади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижроия ҳокимияти органларининг структураси ва штатлари ҳоким томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда тегишли халқ депутатлари Кенгаши тасдиқлаган бюджет доирасида белгиланади ва ўзгартирилади.

Туман, шаҳар ижроия ҳокимияти органларининг структураси ва штатлари ҳоким томонидан юқори турувчи ҳоким билан келишилган ҳолда тегишли халқ депутатлари Кенгаши тасдиқлаган бюджет доирасида белгиланади ва ўзгартирилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари аппаратининг структураси ва штатлари вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгаши тасдиқлаган бюджет доирасида белгиланади ва ўзгартирилади.

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги аппаратининг намунавий структураси ва штатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, туман ва шаҳар ҳокимлиги аппаратининг намунавий структураси ва штатлари эса юқори турувчи ҳоким томонидан белгилаб қўйилади. Қорақалпоғистон Республикасида туман ва шаҳар ҳокимлиги аппаратининг намунавий структураси ва штатлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан белгилаб қўйилади.

23-модда. Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари структура бўлинмаларининг раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш

Башарти, қонунларда лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилишнинг ўзга тартиби белгиланмаган бўлса, ижроия ҳокимияти структура бўлинмаларининг раҳбарлари давлат бошқарувининг юқори органлари билан келишилган ҳолда тегишли ҳокимнинг тақдимига биноан — халқ депутатлари Кенгаши томонидан сессиялар оралиғидаги даврда эса — ҳоким томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар, бу хусусда қабул қилинган қарор халқ депутатлари Кенгашининг тасдиғига киритилади.

Башарти, қонунларда лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилишнинг ўзга тартиби белгиланмаган бўлса, шаҳардаги туман ёки туманга бўйсунадиган шаҳар ижроия ҳокимияти структура бўлинмаларининг раҳбарлари давлат бошқарувининг юқори органлари билан келишилган ҳолда тегишли ҳоким томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.

VI БОБ. ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ КЕНГАШЛАРИ ВА ҲОКИМЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ

24-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг асосий ваколатларига:

ҳокимнинг тақдимига биноан, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режаси ва уни қуриш қоидаларини тасдиқлаш;

(24-модданинг биринчи қисми иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-361-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 686-модда)

вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларини, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларини тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш;

(24-модданинг биринчи қисми учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-361-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 686-модда)

вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;

маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш;

(24-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-361-сонли Қонунига асосан тўртинчи ва бешинчи хатбошилар билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 686-модда)

ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимдан озод этиш, уларнинг фаолиятига доир ҳисоботларини, шунингдек ҳокимларнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини тинглаш;

(24-модданинг биринчи қисми олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 16 апрелдаги ЎРҚ-367-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 16-сон, 177-модда)

ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳоким қарорларини тасдиқлаш;

халқ депутатлари Кенгашининг Иш тартибини, халқ депутатлари Кенгаши доимий ва бошқа комиссиялари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;

халқ депутатлари Кенгашининг доимий ва муваққат комиссияларини, бошқа органларини тузиш, сайлаш ва тугатиш, уларнинг таркибини ўзгартириш, улар ишига доир ҳисоботларни тинглаш;

қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда халқ депутатларининг ваколатларини эътироф этиш ва муддатидан олдин тўхтатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш;

ижроия ҳокимияти бўлимлари, бошқармалари, бошқа структуравий бўлинмаларининг ҳисоботларини тинглаш;

халқ депутатларининг сўровларини қараб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

ҳокимнинг ва қуйи Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси қонунларига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш;

ҳокимнинг тақдимига биноан ҳокимлик структурасини, унинг ходимлари штатлари ва иш ҳақи фондини тасдиқлаш киради.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашга, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир ўз ваколатларига берилган масалаларни, ташкилий масалалар ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ назорат этишга доир бошқа масалаларни ҳал этади.

25-модда. Ҳокимнинг ваколатлари

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокими:

қонунларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларининг, юқори турувчи органлар ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг ижросини ташкил этади;

(25-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сонли Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)

жамоат тартибига риоя этилиши ва жиноятчиликка қарши кураш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва саломатлигини муҳофаза этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўради, табиий офатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолларда тегишли ишларни ташкил этади;

вилоят, туман, шаҳарни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, вилоят ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг, туман ва шаҳар бюджетининг тегишли лойиҳасини, шунингдек унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни халқ депутатлари Кенгашига тақдим этади;

(25-модданинг биринчи қисми тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-361-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 52-сон, 686-модда)

тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этади;

(25-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 16 апрелдаги ЎРҚ-367-сонли Қонунига асосан бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 16-сон, 177-модда)

ўз ўринбосарлари ва ижроия ҳокимияти структура бўлинмаларининг раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тўғрисидаги қарорларни халқ депутатлари Кенгаши тасдиғига тақдим этади;

ҳокимлик девони бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

қуйи турувчи ҳокимларнинг қарорларини, башарти улар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларига, шунингдек юқори турувчи халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимнинг қарорларига зид бўлса, бекор қилади ва халқ депутатлари Кенгашига қуйи турувчи халқ депутатлари Кенгашларининг ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритади;

(25-модда биринчи қисмининг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сонли Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)

раҳбарлари тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ижроия ҳокимияти структура бўлинмаларининг ишини назорат қилади;

халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким қабул қилган ва чиқарган ҳужжатларни бажармаганликлари учун мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида қонунда белгиланган тартибда тақдимнома киритади;

давлат мукофотлари билан тақдирлашга доир илтимосномаларни қараб чиқади ва таклифлар киритади;

республика ва хорижда вилоят, туман ҳамда шаҳарнинг расмий вакили сифатида иш кўради;

аҳолини қабул қилишни ташкил этади, фуқароларнинг шикоятлари, аризалари ва таклифларини қараб чиқади.

Уй-жой мулкдорлари ва уй-жойдан фойдаланувчилар коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлашга доир талабларни қўпол равишда бузган ҳолларда туманларнинг, шаҳарларнинг (шаҳарлар таркибига кирувчи туманларнинг) ҳокимлари коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлаш бўйича қарзларни ундириш тўғрисида коммунал хизмат кўрсатувчилар ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг тақдимномасига мувофиқ даъволар билан судга мурожаат қилади.

(25-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 20 сентябрдаги ЎРҚ-113-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 39-сон, 399-модда)

Ҳоким режалаштириш, бюджет, молия, ҳисоб-китоб, вилоят, туман, шаҳар мулкини бошқариш, мулкчиликнинг турли шаклига мансуб корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан ҳамжиҳатлик қилиш, қишлоқ хўжалиги, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш, қурилиш, транспорт, йўл хўжалиги ва алоқа, аҳолига коммунал, савдо ва ижтимоий-маданий хизмат кўрсатиш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатларида ўз ваколатига берилган бошқа масалаларни ҳам ҳал этади.

251-модда. Ҳокимнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини халқ депутатлари Кенгаши томонидан эшитиш

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими ҳар йили тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботи тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман, шаҳарнинг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида эшитилади. Мазкур мажлис вилоятларда ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай, туманлар ва шаҳарларда эса вилоятларда тегишли мажлислар ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай ўтказилади.

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, вилоят ва Тошкент шаҳар ижроия ҳокимияти органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари таклиф этилади.

Туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли сайлов округларидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари ва халқ депутатлари вилоят Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, давлат бошқаруви органларининг вакиллари, вилоят ҳокими ёки унинг ўринбосарлари, туман ва шаҳар ижроия ҳокимияти органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари таклиф этилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли ҳудудда жойлашган бошқа давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг, сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва бошқа шахслар таклиф этилиши мумкин.

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг мажлисларида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилиниб, унда тегишли ҳоким ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ишининг самарадорлигига комплекс баҳо берилади, уларнинг ишини такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар, шунингдек қарор амалга оширилишининг бориши устидан назоратни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилади. Мазкур қарор ва ҳокимнинг ҳисоботи расмий нашрларда ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг веб-сайтларида эълон қилиниши шарт.

(251-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 9 июндаги ЎРҚ-388-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 23-сон, 301-модда)

VII БОБ. ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ КЕНГАШИ ВА ҲОКИМНИНГ ФАОЛИЯТИДА ҚОНУНИЙЛИКНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

26-модда. Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким фаолиятининг қонунийлигини назорат қилиш

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид келадиган қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади.

(26-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги 714-II-сонли Қонуни таҳририда — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда)

Ҳокимларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ҳукумат ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлат манфаатларига зид келадиган ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тўхтатилади ва бекор қилинади.

27-модда. Юқори турувчи ҳокимият органлари қарорларининг қуйи органлар учун мажбурийлиги

Юқори турувчи давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлар қуйи органларнинг ижроси учун мажбурийдир.

28-модда. Ҳоким қабул қилган ва чиқарган ҳужжатлар устидан судга шикоят қилиш

Ҳоким қабул қилган ва чиқарган ҳужжатлар устидан фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар судга шикоят қилишлари мумкин.

29-модда. Ҳокимнинг прокурор протест билдирган қарорлари қайта кўриб чиқилиши мажбурийлиги

Ҳокимнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатларига зид, прокурор протест билдирган қарорлари шу ҳокимнинг ўзи томонидан ёки юқори турувчи ҳоким ёинки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, заруратига қараб эса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайта кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И.КАРИМОВ

Тошкент ш.,

1993 йил 2 сентябрь,

913-XII-сон



Охирги ўзгариш: 17/02/2017 09:12 Кўрилганлиги: 1219
 
Жами мурожаатлар: 1227 (100%)
Кўриб чиқилган: 1013 (83%)
Кўриб чиқилмоқда: 214 (17%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни онлайн қилиш канчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
Ташриф:
Кўришлар:
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг