Бош саҳифа / Вилоят ҳокимлиги / Ҳамкорлик / «БОЛАЖОН БАҲОРИ» ВА «НИҲОЛ» ОЧИЛДИ
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

«БОЛАЖОН БАҲОРИ» ВА «НИҲОЛ» ОЧИЛДИ

Болаларнинг севимли байрамларидан бири Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан вилоятимиз шаҳар ва туманларида тадбирлар бўлиб ўтди. Бу йилги байрам шодиёнаси Андижон шаҳри 5-сон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаролар ва уларнинг фарзандлари учун унутилмас бўлиб қолиши шубҳасиз. Чунки, шу куни маҳаллада бирданига 2 та мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросими вилоят ҳокими ва кенг жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтди.

-Яқин-яқинда ҳам мана шу бино фойдаланилмасдан, қаровсиз ётган эди, - деди вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов. –Тадбиркор Умидахон Ашурованинг ҳаракати билан болалар учун барча қулайликларга эга бўлган мухташам бино барпо этилди. Энг асосийси бу ерда таълим-тарбия олган фарзандларимиз юртимизга муносиб ўғил-қизлар бўлиб етишсин.









Вилоят ҳокими ўз сўзида 300 дан зиёд нодавлат мактабгача таълим муассасаси барпо этилиши, яқин вақт ичида вилоятдаги барча болалар мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинишини қайд этди. Тадбиркорларга мурожаат қилар экан, болаларни ҳар томонлама комил шахс қилиб тарбиялашда уларга омад тилаб, аъзолик бадали нарх-навосида адолатга таяниб, аҳолининг розилиги, миннатдорчилигини олиш муҳим эканлигини таъкидлади.

“Болажон баҳори” номи билан ташкил этилган нодавлат таълим муассасасининг рамзий тасмаси нуфузли меҳмонлар томонидан қирқилиб, қатнашчилар бино сари йўл олди. Ҳақиқатан ҳам замонавий услубда, барча жиҳатлар ҳисобга олиниб барпо этилган муассаса биносида болажонлар учун етарли шароитлар яратилган. Ҳар бир хона болаларнинг ёши, ўқув хонасининг йўналишига кўра жиҳозланган.

100 га яқин болаларни қамраб олган муассаса биносини барпо этиш ва жиҳозлаш учун 2 миллиард 260 миллион сўм маблағ сарф этилди. Уларнинг барчасини тадбиркор ўз ҳисобидан амалга оширди.

-Таълимни Жанубий Корея усулида олиб борамиз,-дейди У.Ашурова.-Ҳар бир гуруҳдаги болалар сони 15 нафардан ошмайди. Рус, инглиз тиллари чуқур ўргатилади ва расм, бадиий гимнастика, сузиш, рақс тўгаракларида малакали мутахассислар машғулот олиб борадилар.

“Ниҳол” 53-мактабгача таълим муассасаси икки ярим миллиард сўмга тўлиқ реконстукция қилинди ва ярим миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига жиҳозланди. “Болажон баҳори” билан рўпарама-рўпара жойлашган муассаса таъмирдан сўнг бутунлай бошқача қиёфага эга бўлди. Ошхона учун алоҳида жой, спорт зали ташкил этилди.

-Бу ишлар учун асосан маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилди, -дейди халқ таълими аълочиси ва фидойиси унвонлари билан тақдирланган муассаса мудираси Роҳатхон Хошимова. - Қарийиб 36 йиллик фаолиятим давомида бундай имконият ва шароитларга эга бўлган муассасани кўрмаган эдим. Мана бугун тушимизга ҳам кирмаган ишлар бўляпти. Фарзандларни етук қилиб тарбиялаш йўлида бутун жамоамиз билан сидқидилдан меҳнат қиламиз.

Ҳар икки муассаса биноларининг очилишида иштирок этган вилоят ҳокими фуқаролар билан суҳбатда бўлди. Болажонларни байрам билан табриклаб, уларга ўйинчоқлар совға қилди. Маҳалланинг ёши улуғлари фарзандлар учун яратилаётган шароит, олиб борилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларидан мамнун эканликларини билдириб, юртимизга тинчлик, осойишталик, мана шундай хайрли ишларга янада унум, барака тилаб, дуо қилдилар.






Охирги ўзгариш: 19/09/2018 20:17 Кўрилганлиги: 723
 
Жами мурожаатлар: 1327 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (82%)
Кўриб чиқилмоқда: 235 (18%)

Сайтдаги интерактив хизматларга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 64
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг