Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Андижонда дўстлик фестивали ўтказилди

Андижонда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида дўстлик ва маданият фестивали бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Байналмилал маданият маркази, Андижон вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги миллий маданий марказлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. 

Республика Байналмилал маданият маркази директори Н.Муҳаммадиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ва ижтимоий барқарорликни асраб-авайлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

– Вилоятимизда 100 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ ва ҳамжиҳатликда юртимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда, – дейди Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Шаҳзод Турсунов. – Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, урф-одат ва миллий қадриятларини асраб-авайлаши учун барча шароит яратилган. Уйғур, қирғиз, рус, корейс ҳамда арман миллий маданий марказлари фаолияти самарали йўлга қўйилган. Турли миллат вакиллари ҳамжиҳатликда яшаётган Жалақудуқ, Хўжаобод, Пахтаобод, Қўрғонтепа туманлари ва Андижон шаҳрида дўстлик фестиваллари, турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш яхши анъанага айланган. 
Фестиваль Андижон давлат университетида турли миллатларнинг ўз анъана ва урф-одатлари намойиши билан бошланди. Тадбир доирасида “Биз сенинг фарзандингмиз, Ўзбекистон!” шиори остида талаба-ёшларнинг халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, юртимизнинг бетакрор табиати, миллатлараро дўстлик, турли миллат вакилларининг юртимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси акс этган фото ва тасвирий санъат асарлари, миллий таом ва либослар, ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилди. Қўрғонтепа, Пахтаобод туманлари ва Андижон қишлоқ хўжалиги институтида “Миллатлараро дўстлик – барқарорлик омили” мавзусида бўлиб ўтган тадбирларда мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элат вакилларининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этиши учун яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида сўз юритилди. 

– Юртимиздаги миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитига бошқалар ҳавас билан қарайди, – дейди вилоят корейс миллий маданий маркази раҳбари Вячеслав Ким. – Дарҳақиқат, Ўзбекистонимизда барча миллатларнинг тили, урф-одат ва анъаналарига юксак ҳурмат муносабати қарор топган. Миллатидан қатъи назар, шу муқаддас заминнинг ҳар бир фуқароси тенг ҳуқуқлидир. 

– Дўстлик фестивали юртимизда яшаётган барча миллат вакилларини, айниқса, биз ёшларни янада ҳамжиҳат, юртимиз равнақи йўлида фидойи бўлишга ундайди, – дейди Андижон давлат университети талабаси Моҳинур Мухторова. – Мен қирғиз қизи бўлсам-да, Ватаним Ўзбекистон эканидан фахрланаман. Мамлакатимизда миллатидан қатъи назар, биз, ёшларнинг ўқиб-изланишимиз, касб-ҳунар эгаллашимиз, истеъдод ва салоҳиятимизни тўлақонли юзага чиқаришимиз учун барча шароит муҳайё. Инсон қадри эъзозланган мана шундай озод ва обод юртда туғилганимдан ҳамиша ғурурланаман. 

Андижон шаҳар Бобур номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри, Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамда вилоят қўғирчоқ театрида байрам сайли тарзида бўлиб ўтган фестивалнинг якуний тадбирлари катта шодиёнага айланди. Унда миллий маданий марказлар бадиий жамоаларининг мустақилликни, тинчлик, дўстлик, ёшлик, меҳр-оқибат ва бағрикенгликни тараннум этувчи куй-қўшиқлари янгради, таниқли хонандалар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди. 

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди. 


Киритилган вақти: 24/04/2017 15:09 Кўрилганлиги: 4392
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтдаги интерактив хизматларга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 123
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг