Бош саҳифа / Янгиликлар / ВИЛОЯТИМИЗДА 9 МАЙ – ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ КЕНГ ТАНТАНА ҚИЛИНДИ.
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

ВИЛОЯТИМИЗДА 9 МАЙ – ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ КЕНГ ТАНТАНА ҚИЛИНДИ.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 апрелда қабул қилинган “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида

инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаёт эканлиги, Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туриши, Қадр -инсонни юксакликка кўтариб, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олийжаноблик бағишлашичуқур эҳтиром билан таъкидланди.

Вилоят маркази – Андижон шаҳридаги Хотира ҳиёбони қуёш нурларига чулғанган. Бу ерга йиғилган мингдан зиёд аҳоли вакилларининг юз-кўзларида ҳаяжон. Уруш ва меҳнат фахрийлари, сенаторлар, депутатлар, ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ташкилот, корхона, муассасалар ҳамда жамоатчилик вакиллари ташриф буюрдилар.





Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов раҳбарлигида давлат, жамоатчилик вакиллари ҳамда соҳа ва хизматлар йўналишида гуруҳларга бўлинган байрам иштирокчилари Мотамсаро Она ҳайкали ҳамда андижонлик қаҳрамонлар бюстлари пойига гулчамбарлар қўйдилар.Ўтганлар ёдга олиниб, таъзим бажо келтирилди.

Хотира хиёбонида “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ўктамжон Ахунов билан суҳбатлашдик.

- Уруш қатнашчиси, фронт ортида меҳнат қилган инсон борки, бугун ҳаётимизнинг чароғбонига айланган, - деди у. – Улар туфайли оилаларда тотувлик, аҳиллик, қут-барака, юртда тинчлик-хотиржамлик. Вилоятимизда истиқомат қилаётган 84 нафар уруш иштирокчиси ҳамда 3 минг 447 нафар фронт орти фахрийси эҳтиромга лойиқдир. Андижон шаҳрида, барча шаҳар ва туманларда “Нуронийлар маскани” мажмуалари бунёд этилаётир. Избосканда байрам арафасида шундай маскан фойдаланишга топширилди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан “Нуронийлар эъзозимизда” патронаж ёшлар ҳаракати ташкил этилди.

- 95 ёшга кирдим, - дейди Олтинкўл туманининг Маслаҳат қишлоғида яшовчи фронт орти фаҳрийси Робихон буви Имяминова. – Умримнинг 75 йили ёш авлодга таълим ва тарбия бериш билан ўтди. Уруш йиллари от миниб, жамоа хўжалигида котиблик қилдим. Урушга совға-саломларни аравага ортиб, вилоят марказига олиб борганмиз. Ҳозир ҳам тетикман, фарзандларимга ибрат кўрсатиб велосипед ҳайдайман.



- Жанг майдонларида ҳалок бўлган сафдошларимнинг нурли қиёфаси ҳали-ҳануз кўз олдимдан ўтади, - дейди асакалик Нўъмонжон ота Орипов. – Биз урушни япон милитаристларига қарши олиб борилган ғалабали жанглар билан якунладик. Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнаши йўлида жон куйдириб ишлаётган фарзандларимни ҳар куни дуо қиламан.

Асака хизмат кўрсатиш касб ҳунар коллежи ўқувчиси, ҳарбийларнинг кўркам формаси ниҳоятда ярашиб турган ўсмир йигит ўзини Фарҳодбек Эргашев деб таништирди.

- Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлигини чуқур англаяпмиз, - дейди у. – Тенгдошларим билан ҳарбий ватанпарварлик йўналишида ташкил этилган “Шунқорлар” республика мусобақаларида қатнашиб, вилоятда биринчи ўринни эгалладик. Бизнинг “Бобурийлар” жамоамиз Жиззахда бўладиган республика мусобақасига боради. Мен келгусида танкчи бўлмоқчиман. Чирчиқдаги ҳарбий билим юртига ўқишга кираман.

Байрам тантанасининг дастлабки қисми Хотира майдонида ҳарбийлар, ички ишлар тизими ходимларининг паради билан ниҳоясига етди.

Андижон шаҳридаги “Тошкент премиум” тантаналар саройида ташкил этилган тўкин дастурхон атрофида тадбир давом этди. Саройга ўрнатилган улкан экранда уруш лавҳалари жонланди. Ҳар бир шаҳар, кўча, уй, хонадон учун олиб борилган жанглар байрам қатнашчилари кўз ўнгида яна намоён бўлди. Машҳур “Ғалаба куни” қўшиғи янграганида залда қарсаклар жўр бўлди.

Вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов уруш қатнашчилари, фронт орти фидойилари, меҳнат фахрийлари, афғончи жангчилар, мустақиллик йўлида ҳалок бўлган жасур инсонларнинг яқинлари, жамоатчилик вакиллари ва меҳмонларни мўътабар айём билан қизғин қутлади.

Муҳтарам Юртбошимизнинг Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан қабул қилинган қарори асосида “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” ҳамда “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиорлари остида вилоятнинг шаҳар ва туманларида ўтказилган тадбирлар фуқароларда ватанпарварлик ҳис-туйғуларига қанот бағишлади.

Вилоятда айни кунларда истиқомат қилаётган 84 нафар Иккинчи жаҳон урушининг иштирокчилари алоҳида ҳурмат ва шарафга муносибдир. Уларнинг ҳолидан хабар олиниб, 2 миллион сўмлик пул мукофотлари ҳамда ҳар бирига ўзимизда ишлаб чиқарилган автомашиналарни навбатсиз олиш учун сертификатлар топширилди. Шу кунга қадар 36 нафар фахрий автомашина эгаси бўлди. Ёлғиз ва кам таъминланган хонадонларнинг турар-жойлари ва уй хўжаликлари таъмирланди. 3 нафар уруш фахрийсининг уйи қайта қурилди. 2 нафарига алоҳида квартиралар калити топширилди.

Иккинчи жаҳон уруши, унинг жароҳатлари ҳали халқ хотирасидан ўчгани йўқ. Жанггоҳларда вилоятимиздан 98 минг нафарга яқин мард эр йигитлар қўлга қурол олиб қатнашдилар. Уларнинг 44 минг нафардан зиёди жонини қурбон қилди. Уларнинг номи, жасорати ҳеч қачон унутилмайди.

Истиқлол йилларида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида ўз жонини фидо қилган ҳамюртларимизнинг ёди ҳам қалбларимизда мангу яшайди. Сурхон воҳаси, Тошкент, Андижон воқеаларида террорчи гуруҳларга қарши курашиб, мардларча ҳалок бўлганларнинг руҳини доимо шод айлайлик.

- Инсон қалбида неки олийжаноб туйғулар ва одамийлик хусусиятлари мавжуд экан, барчаси Она меҳридан, Она тарбиясидандир, - деди вилоят ҳокими. – Ватанга муҳаббат туйғуси Она сути, Она алласи билан қон-қонимизга сингиб кетган. Шу боис, Она – Ватан, Ватан – Она демакдир. Хотира майдонидаги уруш ва айрилиқлардан қадди дол Мотамсаро Она ҳайкали ҳар биримизни хушёрликка чорлайди, бугунги ёруғ кунларимизнинг қадрига етиб яшашга даъват этади.

Тантаналар саройида вилоятимиз ҳамда республикамизга танилган санъаткорлар, хонанда ва раққосалар ўзларининг байрам дастури билан барчанинг кўнглига шоду хуррамлик бағишлади...

Хотира ва Қадрлаш куни вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида ўзгача шукуҳ билан байрам қилинди.


Киритилган вақти: 10/05/2017 08:40 Кўрилганлиги: 83
 
Жами мурожаатлар: 1227 (100%)
Кўриб чиқилган: 1013 (83%)
Кўриб чиқилмоқда: 214 (17%)

Сайтдаги интерактив хизматлар кай даражада?

Матнда хатолик топдингизми?
 
Ташриф:
Кўришлар:
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг