Бош саҳифа / Янгиликлар / Ўзбекистон Президенти Туркманистонга келди
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Ўзбекистон Президенти Туркманистонга келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 19 май куни амалий ташриф билан Туркманистонга келди. 

Туркманбоши халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига Ўзбекистон ва Туркманистон давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. 

Туркманбоши шаҳрида ўтадиган учрашув ва музокаралар Президентимизнинг жорий йил 6-7 март кунлари Туркманистонга давлат ташрифи доирасида ўтган олий даражадаги мулоқотнинг мантиқий давоми бўлиб, уларда мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир долзарб масалалар муҳокама қилинади, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади. 

Икки давлат Президентларининг музокаралари якунида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. Мамлакатларимиз ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли тижорат шартнома ва битимлар имзоланиши кутилмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев "Аваза" миллий сайёҳлик зонасининг "Камалак" болалар кўнгилочар боғида ўзбекистонлик болалар билан учрашди. 

Жорий йилнинг май ойи бошида Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқотида Туркманистон Президенти Каспий соҳилидаги болалар соғломлаштириш марказлари ўзбекистонлик болаларни қабул қилишга тайёрлигини билдирган эди. 

Ушбу таклифга биноан Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидан 100 нафар бола “Даянч” болалар соғломлаштириш марказига юборилди. Шавкат Мирзиёев болалар билан дам олиш таассуротлари, туркманистонлик тенгдошлари билан дўстлик муносабатлари тўғрисида суҳбатлашди, соғломлаштириш марказида яратилган шароитлар билан қизиқди. Болаларга совғалар берди. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга амалий ташрифи давом этмоқда.

манбаа:uza.uz

Киритилган вақти: 20/05/2017 11:25 Кўрилганлиги: 3822
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 165
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг