Махсус имкониятлар
 
Бош саҳифа / Янгиликлар / Ўшлик меҳмонлар ташрифи
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Ўшлик меҳмонлар ташрифи

Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан яқин қўшни сифатида тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келган. Халқларимизнинг тарихи, маданияти, қадриятлари муштарак, анъана ва урф-одатлари ўхшаш.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги анъанавий ҳамкорлик янгича мазмун касб этди. Кейинги пайтларда ўзаро алоқалар сезиларли равишда фаоллашди. Жумладан, Ўш ва Андижон ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги тадбир ҳам дўстона руҳда кечди.




Ўш шаҳар мэри раҳбарлигидаги делегация “Дўстлик” чегара божхона масканида кутиб олинди. Меҳмонлар дастлаб Хўжаобод туманида яқинда фойдаланишга топширилган “Тошкент вино комбинати” акциядорлик жамияти, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва “Навигул” қўшма корхонаси ҳамкорлигидаги “FRIUT INDUSTRIES” қўшма корхонасида бўлдилар. Бу ерда ташкил этилган замонавий технологиялар асосидаги иссиқхона, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш, сақлаш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.



Андижон шаҳридаги илк ташриф “Андижонавтотеххизмат” ёпиқ акциядорлик жамиятига бўлди. Меҳмонларни кутиб олиш тантанасида сўз олган Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари азалий ва абадий эканлигини, мана шундай учрашувлар алоқаларни янада мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этишини таъкидлади.

-Икки халқни бир-биридан ажратмоқчи бўлганлар хато қилади,-деди Ўш шаҳар мэри Айшмамат Қадирбаев ўз сўзида. - Бизни урф-одатларимиз, тилимиз, динимиз, хатто қабристонларимиз ҳам бир. Бундан кейинги дўстона муносабатларимиз янада ривожланиб бораверади. Бунинг учун давлатларимиз раҳбарларига миннатдорчилик билдирамиз.



Шундан сўнг ижодий тўгараклар ўқувчиларидан иборат иқтидорли ёшлар турли халқларнинг рақсларини ижро этдилар. Меҳмонлар ҳам уларга жўр бўлдилар.

“Андижонавтотеххизмат” автосалони ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Мамлакатимиз автомобиль саноатида эришилаётган ютуқлар, ишлаб чиқарилаётган автомобиллар ҳақида мутахассислар атрофлича маълумот бердилар.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтган ўзаро суҳбатлар болалардаги касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш мавзусида бўлди.

Андижон шаҳрида олиб борилаётган ободонлаштириш, қурилиш ишлари билан танишиш асносида меҳмонлар Андижон шаҳри Ёйилма маҳалла фуқаролар йиғинида бўлдилар. Маҳалла тузилмаси бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари учун қурилаётган янги иншоотни кўздан кечириб, профилактика инспекторининг оиласи билан кўчиб ўтган уйда меҳмон бўлдилар.

Навбатдаги манзил Андижон шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими тасарруфидаги 13-умумтаълим мактаби эди. Таълим даргоҳида ўқувчилар учун яратилган кенг имконият ва шарт-шароитлар билан танишган меҳмонлар кейинги йилларда соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараларини эътироф этдилар.

Андижон шаҳри М.Мусаев кўчасида қурилаётган кўп қаватли турар-жой бинолари, хизмат кўрсатиш шоҳобчалари ҳам меҳмонлар эътиборидан четда қолмади. Бунёдкорлар ушбу иншоотлар замонавий лойиҳавий ечимлар асосида, бугунги кун талаблари даражасида барпо этилаётгани, уларнинг эгаларига имтиёзли кредитлар ажратилиб, қулайликлар яратилаётгани ҳақида батафсил маълумот бердилар.


Киритилган вақти: 11/08/2017 15:46 Кўрилганлиги: 566
 
Жами мурожаатлар: 1239 (100%)
Кўриб чиқилган: 1013 (82%)
Кўриб чиқилмоқда: 226 (18%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни онлайн қилиш канчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
Ташриф:
Кўришлар:
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг