Бош саҳифа / Янгиликлар / Эшитмадим деманглар! Андижонда Наврўз халқ сайлига айланади
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Эшитмадим деманглар! Андижонда Наврўз халқ сайлига айланади

Вилоятимизда Наврўз – умумхалқ байрамини халқ сайлига айлантири юзасидан тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Андижон шаҳридаги 4 та ( А.Навоий номли, Бобур номли, «Камолот» ҳамда Болалар) маданият ва истироҳат боғида, шунингдек барча шаҳар ва туманлардаги ана шундай кўнгилочар гўшаларда халқ сайллари бўлиб ўтади.



Вилоят маданият бошқармаси мутасаддиларининг маълумотларига қараганда, Андижон шаҳридаги А.Навоий номли маданият ва истироҳат боғи вилоятнинг марказий сайлгоҳи сифатида белгиланди.

Режага кўра, 21 март куни:

Соат 8:00дан 9:00га қадар тўртта безатилган от-аравада карнай-сурнайчилар гуруҳи, Деҳқонбобо, Баҳорой ҳамда жарчилар шаҳар кўчалари (Навоий,Чўлпон,Ўзбекистон, Бувасаъддин) бўйлаб одамларни халқ сайлига чорлайдилар.


Соат 9:00дан 9:30гача боғнинг кириш қисми – арк олдида жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, миллий-маданий марказлар ҳамда фольклор-этнографик дасталар қатнашчилари иштирокида сайлнинг очилиш маросими ўтказилади (вилоят ҳокимининг табриги, муқаддима қисм).

Соат 9:00 -16:00 – А.Навоий ҳайкали ёнида дамли созлар оркестрининг чиқишлари ҳамда маҳаллий рассомларнинг расм чизишлари ташкиллаштирилади. Миллий-маданий марказларнинг ҳунармандчилик, миллий либослар, миллий таомлар кўргазмалари намойиш қилинади ҳамда миллий куй-қўшиқлари ижро этилади. Боғнинг ўрта қисмидаги фавворанинг ҳар икки томонида вилоятимиз ҳунармандларининг маҳсулотлар кўргазмаси ва савдоси ташкил қилинади. Хусусий овқатланиш шахобчалари, ресторан ва кафеларнинг ошпазлари Наврўз ва баҳорий таомлар кўргазмаси билан сайл қатнашчиларини хушнуд қилиши ҳам кутилмоқда. Шу соатлар оралиғида китоб кўргазма савдолари бўлиб ўтади.

Соат 9:00 – 15:30 – Боғнинг кичик саҳнасида шаҳар ва туманлар фольклор-этнографик дасталарининг 45 дақиқадан иборат дастури санъат мухлислари эътиборига ҳавола қилинади.

Соат 10:00 - 15:00 – Амфитеатрнинг орқа қисмидаги чойхонада шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган ошпазлар иштирокида «Палов» танлови, маҳаллий шоирларнинг мушоира базми, аскиячилар гуруҳининг чиқишлари ўтказилади.

Шунингдек, Пахтаобод туманидаги машҳур «Мадамин дорбоз» миллий дорбозлик гуруҳининг само бағридаги чиқишлари, вилоятимиз миллий курашчиларининг беллашувлари, ёшлар ўртасидаги халқ ўйинлари сайлга шукуҳ ва завқ бағишлаши шубҳасиз.

Соат 15:30- 17:00 – кичик саҳнада халқ сайли давомида ўтказилган кўргазма, мусобақа ва танловлар ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими; махсус сценарий асосидаги якунловчи концерт дастури халқ сайлига якун ясайди.

Қадрли юртдошлар, азиз меҳмонлар! Сизларни 21 март куни вилоятимиздаги маданият ва истироҳат боғларида, сўлим гўшаларда ўтказиладиган Наврўз шодиёналарига таклиф этамиз. Боринг, кўринг, дам олинг, завқланинг – умрингизга умр, кайфиятингизга кайфият қўшилади. Келаётган Наврўз айёми барчангизга шоду хуррамлик, хонадонларингизга қут-барака олиб келсин, юртдошлар!


Киритилган вақти: 16/03/2017 11:18 Кўрилганлиги: 4500
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 134
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг