Бош саҳифа / Янгиликлар / Буюк ғалабада андижонликлар ҳиссаси
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Буюк ғалабада андижонликлар ҳиссаси

Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенглик ва олижаноблик халқимизга хос азалий қадриятдир.

                                                                                                                           Шавкат Мирзиёев.

Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини ҳар қачонгидан кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш, юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришнинг аниқ режаларини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида аниқ ва равшан белгилаб берилди.

1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг оила аъзоларига моддий, маънавий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш белгилаб берилди. Шунингдек, ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари тураржой ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда ўз уй-жойига эга бўлмаганларига тураржой ажратиш бўйича тегишли чоралар кўриш ҳам қарорда кўрсатиб ўтилди.

Мазкур қарорнинг бутун мазмуни ва ғояси инсон манфаатларига, қадр-қимматига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига қаратилгандир. Бутун халқимизда, айниқса, ёшларда бой ва шонли тарихимиз, аждодларимиз ҳақида хотира туйғусини ошириш кўзда тутилган. Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар Германияси устидан қозонилган буюк ғалабага қўшган ҳиссаси муҳим аҳамиятга эгадир. Жанггоҳларда жон олиб, жон берган, фронт ортида мислсиз оғир шароитда меҳнат қилган, ғалаба учун бутун борлиғини сафарбар этган юртдошларимизнинг порлоқ сиймоси кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Уруш Ўзбекистон сарҳадларида бўлгани йўқ, у биздан бир неча минг километр нарида – Украина, Белоруссия, Болтиқбўйи ва Россия ерларида бўлди. Бу уруш ўзбек халқининг миллий манфаатига зид эди. Аммо нега республиканинг барча меҳнаткашлари СССРдаги бошқа халқлар қаторида фашистлар агрессиясини Ўзбекистонга қарши қилинган агрессия, деб билди ва оммавий суратда урушга отланди? Нега ўзбек хал-қи 2 600 000 дан ортиқ имзо чекилган «Ўзбек халқидан жангчиларга хат»да фарзандларига: «Эй ўзбек жангчиси, эй қўлига қурол олган аскар!.. Оилангдан ўғлонларнинг сараси бўл, қардош халқлар ўртасида ҳам илғор баҳодирларнинг биттаси бўл!» – деб даъват қилди?

Нега халқнинг асл фарзандларидан бири, пискентлик Мирза Пўлатов, қорақалпоқ йигит Худойберган Мамутовлар ўз жонларидан кечиб, ёниб турган самолётларини душман колоннаси устига уриб Гастелло жасоратини такрорладилар?! Нега ўзбек ўғлонлари Т. Рустамов, Т. Эрйигитовлар Александр Матросовга ўхшаб афсонавий қаҳрамонлик намунасини кўрсатдилар?! Нима сабабдан уруш жабҳаларида юртимизнинг минг-минглаб баҳодирлари душманга қарши курашиб, жон олиб, жон бердилар?! Улардан қанчадан-қанча марду майдонлар ўз она заминларига қайтиб келмадилар, қардош республикалар ерларида тупроққа қоришиб кетдилар. Ахир улар ҳам яшашни истар эдилар-ку?!

Нега ўзбек халқи оғир ва қийин шароитда яшаётган бўлса-да, душмандан озод қилинган туманлар, вилоятлар ва республикалар аҳолисига беғараз ва байналмилал ёрдам кўрсатди? Чунки фашизм қаерда, қайси мамлакатда пайдо бўлишидан қатъи назар, у жаҳондаги барча эрксевар халқларнинг, жумладан, Ўзбекистон халқининг ҳам, дунё цивилизациясининг душманидир. Фашизмнинг миллати ва ватани йўқ. Шу боисдан унга қарши кураш жаҳондаги барча халқларнинг бурчи эди. Чунки буюк тарихига, бой ўтмишига, ўзининг миллий ва инсонпарварлик қадриятларига эга бўлган ўзбек халқи фашизм балосига қарши кураш олиб боришни ўзининг бурчи, деб билган, уни йўқ қилишдек муқаддас ишга бутун борлиғини, куч-қудратини сафарбар этган эди.

Тарихимизнинг бу фожиали саҳифаларини чуқур тадқиқ этиш ва тадқиқот натижаларини халқимизга етказиш, келажак авлодларга қолдириш ва ўша тарих мисолида ёш авлодни маънавий-мафкуравий мезонлар асосида тарбиялаш учун тарихчи олимларимиз олдида кўпдан-кўп масъулиятли вазифалар турибди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатни фашизм босқинидан озод қилиш, ғалабага эришиш учун зарур бўлган омиллардан бири, фронтларда миллий тилларда газеталар ташкил қилиш ва уларнинг мунтазам нашр этилиб туришини таъминлаш эди. Уруш йиллари фронтларда ўзбек тилида газеталар чиқди. Бу газеталар ўзбек аскарларига мунтазам етказиб турилди. Улардаги мақолалар, очерклар, хат-хабарлар ўзбек ҳарбийларининг жанговарлигини, руҳиятини кўтаришга жуда катта таъсир кўрсатди.

Фашистлар Германияси ва япон милитаризмига зарба бериб, жаҳон цивилизациясини сақлаб қолишдек буюк тарихий ғалабага бошқа халқлар қатори ўзбек халқи ҳам жуда катта ҳисса қўшгани Ватанимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган. Урушда Ўзбекистондан 1,5 миллион киши жангларда бевосита иштирок этган, қанчадан-қанча юртдошларимиз урушда ҳалок бўлган, қанчаси бедарак кетган, қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтган. Уруш бошланиши арафасида аҳолиси 614,5 минг нафар бўлган Андижон вилоятининг ўзидан 97,5 минг киши ҳарбий хизматга чақирилди, яъни аҳолининг 15,61 фоизи фронтга сафарбар қилинди. Урушда ҳалок бўлиб, ўзга юртларда дафн этилган ватандошларимиз 43,5 минг, урушдан қайтиб келганлар 54 минг, шундан ногирон бўлиб қайтганлар 40,9 минг киши бўлган. Бироқ Андижон вилоятидан урушга кетганлардан 40 мингдан ортиғи қайтмади. Уларнинг кўплари жанггоҳларда ҳалок бўлди. Урушда қатнашган андижонликлардан 40 мингдан зиёд кишининг исми-фамилияси ва улар ҳақидаги қисқа маълумотлар 3 жилдлик «Хотира китоби»дан жой олган.

Жанг пайтларида бедарак йўқолган, асир тушганлар, умуман ном-нишонлари аниқланмаган уруш қатнашчиларининг катта қисми тарихимиз саҳифаларидан ўрин олганича йўқ. Мисоллар келтирамиз: «Хотира китоби»нинг биринчи қисми бўйича Андижон шаҳридан 1814, Андижон туманидан 2940, Асака шаҳридан 463, Асака туманидан 422, «Хотира китоби»нинг иккинчи қисмида бедарак йўқолганлар Балиқчи тумани бўйича 1550 жангчи, Булоқбоши тумани бўйича 552, Бўз тумани бўйича 37, Жалақудуқ тумани бўйича 2787, Избоскан тумани бўйича 1414, Улуғнор тумани бўйича 49, Марҳамат тумани бўйича 1357, «Хотира китоби»нинг учинчи қисмида Олтинкўл туманидан 200 киши, Пахтаобод тумани бўйича 445, Хўжаобод тумани бўйича 412, Шаҳрихон шаҳри бўйича 478, Шаҳрихон тумани бўйича 109, Қўрғонтепа тумани бўйича 2687, Хонобод шаҳри бўйича 18, Қорасув шаҳри бўйича 22 жангчи номлари келтирилган.

2005 йили «Янги аср авлоди» нашриёти «Хотира китоби»нинг қўшимча жилдини нашр этди. Унда Андижон шаҳри бўйича 78, Асака шаҳри бўйича 22, Андижон тумани бўйича 349, Асака тумани бўйича 101, Бўз тумани бўйича 58, Избоскан тумани бўйича 534, Қўрғонтепа тумани бўйича 130, Марҳамат тумани бўйича 50, Олтинкўл тумани бўйича 324, Пахтаобод тумани бўйича 702, Шаҳрихон тумани бўйича 192, Булоқбоши тумани бўйича 17, Хонобод шаҳри бўйича 2 жангчи бедарак йўқолганлиги қайд этилган. Хуллас, Андижон вилоятидан урушга сафарбар қилинган 97,5 минг кишидан 20793 нафари бедарак йўқолгани маълум.

Биз тарихимизнинг оғриқли саҳифаларини тўлдиришимиз лозим. Мазкур бўшлиқни тўлдириш нафақат тарихчиларни, балки ҳар бир ўзбекистонлик зиёлининг муқаддас, хайрли иши бўлмоғи керак. Бунга жамоатчилик ҳам бефарқ қарамаслиги лозим.

Бедарак йўқолганлар орасида ноиложликдан, оғир вазиятдан, бошқа сабабларга кўра асир тушганлар, ёв билан қақшатқич олишувларда ҳалок бўлганлар, антифашистик, партизанлик ҳаракатида қатнашган юртдошлар ҳақида аниқ маълумот ва ҳисоботлар бўлмагани, концлагерларда ҳалок бўлганлар, уруш тугагач, СССРга қайтариб берилгач ГУЛАГ лагерларига узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар, лагерларда ҳалок бўлган, вафот этганлар... Буларнинг барчаси чин ҳақиқатдир. Россия ҳарбий давлат архивида сақланаётган Германиядан ўлжа олинган 3-Рейх архиви фондидаги «Туркистон легиони» ва унинг «Миллий Туркистон» журнали каби манбаларда қайд этилган, аммо номаълум юзлаб, минглаб ўзбекистонликлар борлиги аниқланди. Бундан ташқари, фронтларда фаолият кўрсатган ўзбек тарихшунослигида ҳозиргача илмий истеъмолга киритилмай қолган ўзбек тилидаги газеталар саҳифаларида бутун Ўзбекистондан ҳарбий хизматга олинган жангчиларнинг урушдаги жанговар фаолияти эътибордан четда қолгани ачинарли ҳолдир. Ана шу газеталар саҳифаларида Хотира китобларидан ўрин олмаган юртдошлар ҳақида қизиқарли, қимматли маълумотлар борлигининг шоҳиди бўлдик.

Ҳозирда Россия Федерацияси давлат кутубхонасида «Ватан учун», «Совет жангчиси», «Суворовчи», «Фронт ҳақиқати», «Қизил аскар ҳақиқати», «Бонг», «Ватан шарафи учун», «Душманга қарши олға», «Қизил армия» номли фронт газеталари тахланмаси сақланмоқда. Бу газеталар чиқиб турган вақтдан бери орадан 75 йил ўтганига қарамасдан, тадқиқотчиларимиз томонидан ана шу манбалар илмий истеъмолга киритилмаганлиги тарихшунослигимиздаги камчиликлардан биридир.

Фронтларда ўзбек тилида чиққан газеталар фронт ва фронт ортидаги Ўзбекистон халқининг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини тўлақонли ёритишда ниҳоятда қимматли, ноёб манба бўлиб хизмат қилишига шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Умуман, бу ҳарбий газеталардаги мақолалар, очерклар, хабарлар, суҳбатлар, ахборотлар, фронтларга йўлланган хатлар, жангчиларнинг ота-оналари, турмуш ўртоқлари, фарзандлари, қавм-қариндошларига ёзган хатлари, ҳарбий қўмондонлик ва бўлимлар томонидан ўзбекистонлик жангчиларга берилган турли фахрий, мақтов ёрлиқлари, суратлар Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги тарихини янада кенгроқ ёритишда қўл келади.

Маълумки, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида Ўзбекистон тарихи фани ўқитилмоқда. Бу фан дастурида Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушида фашистлар Германияси ва япон милитаризми устидан қозонилган тарихий ғалабага қўшган ҳиссасига маълум ўрин ажратилган. Шу боис, Ўзбекистон тарихидан олиб борилаётган маъруза, семинар, мустақил машғулотларда, талабаларнинг битирув малакавий ишлар тайёрлаши, илмий тўгараклар машғулотларида ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни юртимизда кенг нишонланмоқда. Бу санага атаб кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. Бундай тадбирларни тайёрлаш ва ўтказишда ҳам мазкур газеталардан фойдаланиш имконияти мавжуддир. Газеталардан жой олган кўплаб юртдошларимиз исми ҳозирги хотира майдонларида, мемориал музейлардаги рўйхатларни тўлдиришда ҳам қўл келади.

Биз Андижонга олиб келинган юқоридаги газеталар тахламларидаги андижонлик ватан ҳимоячиларининг жанговар фаолияти акс эттирилган лавҳаларни муҳтарам муштарийларга ҳавола қилмоқдамиз.

Ўзбек тилидаги «Ватан учун» газетасининг 1945 йил 1 май сонида Андижон фарзанди, Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Остонақул Шокиров ҳақида катта лейтенант Н. Жабборовнинг очерки берилган.

“Андижон шаҳарининг Қизил Карвон махалласида ўзининг ҳалол меҳнати билан кунини ўтказаётган Шокир дурадгор икки ўғил ва бир қиз кўрдида, уларни катта қилолмай ҳамда раҳматларини кўролмай дунёдан ўтди”.

Отадан етим қолган бу фарзандларни тарбиялаш Шарофат ҳоланинг зиммасига тушди. Шарофат ҳола ҳар кимларни ишларини қилиб, болаларни гулдек тарбиялади. Ўқитди ва балоғатга етказди. Катта ўғли Абдулла ўқитувчи, кенжатойи Останақул эса темир йўл ишчиси бўлиб ишлай бошлади.

Немис-фашист босқинчилари томонидан Ватанимизга ҳиёнаткорона бошланган уруш, миллионлаб совет кишиларини тинч ва бахтли ҳаётларини бузиб, уларни ота-она, ака-ука, опа-сингил ҳамда бола-чақаларидан ажратди. Шарофат ҳоланинг ҳам тинч ҳаётини бузди.

Андижон станцияси Ватан олдидаги бурчларини қўлларига қурол олиб бажариш учун отланган ўспиринлар ва уларни кузатишга чиққан қариндош уруғлар билан лиқ тўлган. Останақул қариндош уруғлари билан ҳайрлашар экан, Шарофат ҳола уни, кенжатойини бағрига маҳкам босиб, пешонасидан ўпдида, қўлини очиб: - Ой бориб, омон кел, енгину, енгилма; қасд қилганлар паст бўлсин, ер билан яксон бўлсин, онагинанг ўргилсин, - деб оқ потиҳа берди.

Паравоз бир қичқирдида йўлга равона бўлди. Останақул Смоленскнинг яқинида гвардиячи полковник Титовнинг гвардиячи қисмига келди. Ундаги ҳарбий ишга бўлган муҳаббат ва уни ўрганишга бўлган ғайрат тезда Останақулни ўз ишини яхши биладиган жангчилар қаторига қўшди.

Гвардиячи қизил аскар Останақул Шокиров Смоленск шаҳарини озод қилиш учун бўлган жангларда босқинчи гитлерчилар билан биринчи маротаба юзма-юз тўқнашди. Душманни савалашда ўз қуролини усталик билан ишлатди, жанга биринчи маротаба киришига қарамай, дадиллик билан ҳаракат қилиб ўзини барчага танитди, шуҳратини орттирди. Смоленск шаҳари ишғол қилингандан кейин у, разведкачи бўлиб тайинланди.

Ёш разведкачи Останақул, душманнинг Витебск мудофаасини разведка қилишда, ўт очиш нуқталари жойлашган ерларини аниқлашда, “тил” олиб келишда, жанговор дўстлари билан бир неча маротаба разведкага борди. Энг қимматли ҳужжатлар келтириб қисмнинг муваффақиятларинин таъминлашда ўз ҳиссасини қўшди.

Қисмдаги ҳар бир жангчи Останақулнинг ёзги ҳужум жангларида кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақида, Березина ва Неман дарёларидан ўтишда унинг кўрсатган қўрқмасликлари ва ҳарбий усталиклари ҳақида фахрланиб сўзлайдилар.

Қисм чекинаётган душман кетидан қувиб Неман дарёсига етиб келди. Немислар кучли ўт очиш билан бу дарёдан қисмларимизни ўтишларини тўҳтатишга уринишди. Гвардиячи Останақул сапёрларининг резина қайиғини олиб дарёдан ўта бошлади. Унинг атрофларида мина, снарядлар ёрилар, боши устидан, қулоқлари остидан ўқлар визиллаб ўтар эди, лекин бу даҳшатларнинг ҳеч бири довюрак, қайтмас разведкачини йўлдан қайтара олмас эди. Дарёнинг нариги четига етишига бир неча метр қолганда, душман ўқи Останақулнинг қайиғини тешди, қайиқ чўка бошлади. Останақул ўзини йўқотиб қўймади. У ўзини дарёга ташлаб нариги соҳилга биринчи бўлиб сузиб ўтди. Унинг кетидан яна уч жангчи ўтди. Тўрт киши плацдармни эгалладилар ва мудофаа ишғол қилдилар. Немислар буларни қайтариш мақсадида қарши ҳужумга ўтди, лекин қўрқмас разведкачиларни орқага силжжита олмади. Ботир разведкачилар душман ҳужумини қайтардилар ва қисмни дарёдан ўтишини таъминладилар. Шавкатли разведкачилар, шу жумладан Останақулнинг шуҳрати бутун қисмга тарқалди ва уларнинг номи жангчилар оғзида достон бўлди.

Шестакен районида шиддатли жанг бўлди. Эрталаб соат 10-11 ларда хаво қўйиқ туман, яқин масофадаги нарсани ҳам кўриш мумкин эмас эди. Душман кўчани кучли ўққа тутиб назорат қилар эди. Разведкачилар бунга қарамай ҳаракатни давом эттирдилар. Немислар кузатиш пунктига етишига 100 метрлар қолганда разведкачи Останақул тепаликнинг ён бағрида немисларни 3 танк ва 8 та бронетранспортёри биқиниб тургани ҳақида қисмга хабар берди. Шу ондаёқ бир бронетранспортёр буларга қараб келаверди ва буларни қува бошлади. Останақул автомат ва гранаталарини шайлади. Майор Шевченко орқага чекинишга команда берди. Шу пайтда иккинчи бронетранспортёр уларни урай бошлади. Уларнинг тепасига келиб пулемётдан ўқ ёғдирди. Шароит жуда оғир, бош кўтариш мумкин эмас эди. Шу пайт гвардиячи қизил аскар Останақул Шокиров, ўрнидан ғоз турдида, қўлини юқори кўтариб овозини борича: батальон менинг орқамдан олға, деб қичқирди ва бронетранспортёрга қараб граната ирғитди. Граната мўлжалга тушиб бронетранспортёрнинг экипажи талвасага тушиб орқага қайтди.

Ўзбек ҳалқининг содиқ фарзанди, гвардиячи қизил аскар Останақул Шокировнинг кўрсатган қаҳрамонлиги, ботирлиги барчани ғайратда қолдирди.

Останақул Шокиров қисми билан биргаликда катта зафарли жанговор йўл босди. Смоленск области, Белоруссия ҳамда Литвани озод қилишда ўз ҳиссасини қўшди. Шарқий Пруссияга бостириб кириш ва душманни тор-мор қилиш учун олиб борилган жангларда фаол қатнашди. Ватан олдидаги муқаддас бурчини шараф билан бажарди.

Останақулнинг кўкрагини бузатиб турган Қизил Байроқ, Қизил Юлдуз ва III даражали Шуҳрат орденлари ҳамда “Жасурлик учун” медали ва “Аълочи разведкачи” ҳамда “Гвардиячи” значеклари, унинг босиб ўтган жанговор йўлининг шонли шоҳидир.

Ўзбек ҳалқининг азиз фарзанди Останақул Шокиров, немис босқинчиларига қарши курашда жанговор топшириқларни наъмунали бажаргани ва шу билан мардлик ва жасурлик кўрсатгани учун СССР Олий Совети Президиумининг 1945 йил 24 мартдаги фармони билан унга, “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” деган улуғ ном берилди ва Ленин ордени ҳамда Олтин Юлдуз медали билан мукофотланди.

Совет Иттифоқи Қаҳрамони гвардиячи қизил аскар Останақул Шокиров немисларнинг Шарқий Пруссиядаги группаларини тугатиш учун бўлган сўнги жангларнинг бирида қаҳрамонларча қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Лекин, у қисм шахсий таркиби ўртасида ҳаёт. Қаҳрамонлар асло ўлмайди улар абадий тирикдир.

Қизил Юлдуз, учунчи даражали Шуҳрат орденлари ва “Жасурлик учун” медали каваллери, қизил аскар С.Марковнинг шу газетанинг 1945 йил 12 май № 31 сонида “Останақул” номли мақоласида мана бу сатрлар битилган:

“Бир минг тўққиз юз қириқ тўртинчи йилнинг учинчи феврали. Мен жанг майдонидан ярадор бўлиб чиқиб, қисмимиз санитария батальонини қидириб кетаётиб ҳолдан кетиб қолдим.

Кўтариламан деб яна йиқилдим. Бирдан рўпарамда новча бўйли келишган йигитни кўриб қолиб, ўзимда йўқ даражада хурсанд бўлдим. Мен ундан ёрдам сўрайман деб ҳам турган эдимки, у буни кутмасдан келиб, қўлтиғимдан ушлаб тургизди ва етиклаб санитария батальонига олиб келди.

Мен у билан суҳбат қилиб, донгдор разведкачи Останақул эканлигини ва мен билан бир кунда елкасидан ярадор бўлиб, санитария батальонига келаётиб, ярасининг оғирлигига қарамасдан ёрдам кўрсатганини билиб, жангчиларимиз бир-бирига қанчалик меҳрибон, ҳақиқатдан ҳам бир онанинг боласидек эканлигимизга шодландим.

Бугун ўн олтинчи апрель, йигирманчи апрельга дивизия командирининг буйруғига мувофиқ сизнинг разведкачиларингиз “тил” келтириши керак. Бу ишда ўзингиз шахсан жавобгарсиз – деди, полк командири, разведкачилар взводининг командирига.

... Ўн тўққизинчи апрель куни разведкачилар Останақул Шокиров бошчилигида ҳаракат қилиш нуқтамизга келиб, йигирманчига ўтар кечаси соат 3 га қадар дам олдик.

Унгача дам олиб, овқатланиб, қуролларимизни ўт очишга тайёр эканлиги ҳақида қўлга тушириш группасининг командири Останақул Шокировга доклад қилдик.

Вазифа: мудофаа чизиғимиздан минг метр узоқликдаги ўрмон ичида ниқобланиб ётган немис мерганини ушлаб келтириш эди.

Бу ишга Шокиров раҳбарлик қилиши керак. Соат тўртда ўрмонга қараб чўзилган жарлик билан йўл олдик, олдимизда Шокиров борарди.

Душманнинг кучли ўт очиб туришига қарамай, биз билдирмасдан унинг мудофаа чизиғига етиб бордик. Ниқобланган мерганнинг орқа томонига ўтиш учун Шокиров буйруқ берди.

Қисқа-қисқа чопиб унинг орқасига ўтиб, немис мерганини келишини кутиб хашаклар орасида бекиниб ётдик.

Ана... ана... келяпти, кўрдингларми? Қўлида мерган милтиғи билан плаш-палаткага ўраниб, траншея бўйлаб ўзини ниқобланган уйчасига кириб кетди, деди бир жангчи.

Ҳаммамиз бошлиқнинг командасини кутиб турдик.

- Дўстлар, аҳиллик билан баробар ташланингиз, бу “тил”ни штабга тезда етказиш керак, чунки душман билиб қолса, ўт очиши ва бил уни қўлдан чиқаришимиз мумкин, - деди Останақул.

Останақулорадан кўп ўтмай “Менинг орқамдан”, деган командани бериб, Останақул биринчи бўлиб немисга ташланди.

Бир нафасдаёқ мерганни плаш-палаткага ўраб, оғзига латта тиқиб, мўлжалланган йўл билан штабга келтирдик.

Полк командири Титов бизни ютуқлар билан табриклаб, шу куни кечқурун операция иштирокчиларига мукофотлар топширди. Шу операция учун мен ва Шокиров “Жасурлик учун” медалини олдик.”

Иккинчи Болтиқ бўйи фронтида ўзбек тилидаги “Суворовчи” газетасининг 1944 йил 24 октябрь № 68 (151) сонида сурати билан босилган Ўзбекистон ССР Халқ артисти Тамарахонумнинг “Ватан ҳақида қўшиқлар” мақоласида мана бу сатрлар битилганди:

“Мен бугунги озод халқим ва унинг келгуси истиқдоллари ҳақида куйлайман. Бу истиқболни ҳеч қандай қудрат паймол қилолмайди. Мен қахрамон фронтчиларимиз, ўзбеклар, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Қўчқор Турдиев, Валиев, Қаҳрамон – мерган қиз Зебо Ғаниева ва шунингдек немис босқинчилари билан олиб борилган жангларда ўз жонларини қурбон қилган боҳодирлар ҳақида қўшиқлар айтаман.

Уруш кунларида Қизил Армиянинг душман устидан ғалаба қозониб, уни Совет Иттифоқи территориясидан қуваётган бир пайтда, сидқи дилдан хизмат кўрсаткинг келади. Мен ёзувчиликни ва нутқ сўзлашни билмайман, аммо Қизил Армияга, улуғ доҳий ва саркардамизга бўлган муҳаббатимни ўйин ва қўшиқларим билан изҳор этаман.”

“Ватан шарафи учун” газетасининг 1945 йил 1 январь № 1 (286) сонида Гвардия старший сержанти Қўшоқ Бадаловнинг Андижон область, Избоскан районидаги Тельман номли колхозда яшовчи онаси Хажалбиби ва хотини Ширмонхонга ёзган янги йил мактуби берилган. Уни айнан келтирамиз:

“Ҳурматли она ва севгили Ширмоним! Сизларни янги йил билан қутлайман ҳамда сизларга янги бахт-саодат ва туганмас соғлик тилайман!

Мана, мен янги йилни олтинчи марта сизлардан йироқда қарши олаётирман. Шундан тўрттаси улуғ Ватан уруши фронтида, немис босмачиларига қарши қонли кураш майдонидадир. Мен серқуёш Ўзбекистондан, туғилиб ўсганқишлоғимдан, бадавлат колхозимдан кетганимга роса беш йил тўлди.

Ширмонхон! Ўша унутилмас кунларни хотирлайсизми? 1939 йил декабрь ойи охирлари эди. Биз колхознинг ҳамма ишларини сарамжону-саришта қилиб, янги йилни кутиб олишга тайёрланаётган эдик. Колхозчилар ўзларининг меҳнат соҳасидаги ютуқлари билан фахрланар эдилар. Колхознинг энг ёш бригадири бўлган мен ҳам ўз меҳнатим унумидан жуда қувонардим. Иккимиз эса умид билан бир ёстиққа бош қўйган эдик. Кейин мен Ватан олдидаги бурчимни адо этиш учун Қизил Армия сафига чақирилдим...

Мана, орадан беш қиш ва беш ёз ўтди. Аммо мен ҳали сизларнинг ёнларингизга қайтганим йўқ. Чунки мен ҳали Ватан олдидаги муқаддас бурчимни охиригача тўла бажарганим йўқ, фашист газанда ҳали батамом янчиб ташлангани йўқ, мен ҳали йиртқичнинг уясига - Берлинга етганим йўқ.

Қимматли онажон ва Ширмонхон! Мен урушнинг бошидан бери жанг майдонида бўлишимга қарамай, ҳозиргача сизларга она-Ватан олдидаги бурчимни, сизларнинг наказларингизни қандай бажараётганлигим, лаънати немисларни ураётганим тўғрисида ҳеч нарса ёзмаган эдим. Чунки у вақтда душман ҳали мамлакатимиз тупроғида бўлганлиги туфайли “бу тупроғида ёзишга фурсат бор” деб ўйлар эдим.

Мана энди, Ватанимиз манфур босқинчилардан озод қилинган тантанали кунларда, давлатимиз чегараларидан анча берида туриб, ўзимнинг жанговор ҳаётимдан сизларга ҳикоя қилиб берадиган воқеалар озмунча эмас.

Мен уруш бошида разведкачи-мотоциклетчи эдим. Қизил Армия душманга катта талофатлар етказиб, мамлакатимизнинг ичкарисига томон чекинаётган вақтлар эди. Аммо биз ғалаба қилишимизга қаттиқ ишонар эдик. Мен ўша оғир кунларда Ленин-Сталин партияси сафига кирдим. Москва бўсағасида душман бомбасидан бўлган ярам тузалгач, танкчибўлиб етишдим. Бу вақтда душман Воронеж остоналарига бориб қолган эди. Биз кўкрагимизни қалқон қилиб душман йўлини тўсдик. Мен шу қадимги рус шаҳри бўсағаларида неча ўнлаб гитлерчиларни лаҳатга тиқдим ва биринчи фашист танкини яксон қилдим. Ватан мени “Жасурлиги учун” медали билан мукофотлади. Биз ҳужум бошладик. Немислар зарбаларимизга бардош беролмай чекиндилар. Менинг танким Курск дўғасида душманнинг ўзиюрар тўпини ва икки дала тўпини дабдала қилди, бир неча миномёт ва пулемёт нуқтасини емирди, жуда кўп фашистларни тупроққа қориштирди. Шунда мен иккинчи мукофот – иккинчи даражали Ватан Уруши ордени олдим.

Гитлерчиларни кеча-кундуз демай ғарбга томон қувдик. Мен ўз танкимда машҳур украин дарёси Днепрдан кечиб ўтдим ва қудратли машинам билан душманга катта талофатлар етказдим. Бунинг учун ҳукумат мени биринчи даража Ватан Уруши ордени билан мукофотлади.

Мен шонли батальонимиз билан 1944 йил ёзида тарихий ғалаба йўлини босиб ўтдим. Даҳшатли танкимда қардош поляк халқига ёрдам қўлини чўзиб, Сан ва Висла дарёларидан кечиб ўтдим ҳамда тўртинчи марта Қизил Юлдуз ордени билан мукофотландим.

Мана шундай қилиб, биз ўртоқ Сталин айтганидек, ҳозир Германиянинг ҳаёт марказларига қатъий штурм бошлаш учун ҳужум марраларида шайланиб турибмиз. Узил-кесил ғалаба йили – 1945 йилни ҳам шу ерда, жонажон Ватанимиз тупроғидан анча узоқда кутиб олдик.

Биз ҳозир, халқимиз интизорлик билан кутаётган тантана кунига – ғалабага эришиш учун фақат:

- Олға Шоввозлар! – деган буйруқни кутиб турибмиз. Сизларни ишонтириб айтаманки, мен шу муқаддас жангда душманни аввалгидан ҳам шавқатсизроқ янчаман. Яшасин янги, ғалаба – 1945 йил!

Бахтимизга асрлар бўйи умр кўрсин отамиз, устозимиз, саркардамиз улуғ Сталин! Сизларга гвардиячилик саломи билан – Қўшоқ”.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фаҳрийлари тўғрисида ғамхўрлик қилиш алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Фронт ортидаги юртдошларимиз ҳам ҳукмрон сиёсат ва мафкурага ишонганлари туфайли мислсиз оғир шароитларда юксак кўтаринки руҳ билан меҳнат қилганлар, ғалаба учун бор-будларини сафарбар этганлар. Бу газеталарда ўша даврни ҳаддан зиёд улуғловчи сўз ва ибораларни, атамаларни, ўша замон руҳиятини акс эттирувчи ибора ва тушунчаларни аслича қолдиришни лозим кўрдик. Уларни тузатиш тарихий давр руҳининг бузилишига олиб келиши мумкинлигини ҳам эътиборга олдик. Чунки бу газета материаллари манбадир. Уларни эътироф этиш тарихийлик тамойилларига мувофиқ келади.

Фронтларда ўзбек тилида чиққан газеталар фронт ва фронт ортидаги Ўзбекистон ҳалқининг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини тўлақонли ёритишда ниҳоятда қимматли, ноёб манба бўлиб хизмат қилган. Бунинг ёрқинмисоли фронт газеталарида узоқ Андижондаги фронт ортидаги ғалаба учун қилинган матонатлимеҳнат, бунёдкорлик ғалабалари акс эттирилган. Бу ҳушхабарлар душман билан олишаётган жангчиларга илҳом ва куч бағишлаган. Улардан фақат хабарни келтирамиз.

“Ватан учун” газетасининг 1944 йил 8 апрель № 28 сонида мана бу хабар берилган:

“Андижонда газопровод қурилиши”

Андижон шаҳрида Ўрта Осиёда биринчи газопровод қурилиши бошланди. “Андижон” нефт конларидан шаҳаргача асосий магистрал ўтказилади. Яқин ойлар ичида 16 километр металл ва азбест-цемент қувурлари қурилиб тамом бўлади.

Нефт конларидаги табиий газларнинг бой запаси ёнилғининг бу арзон турини шаҳарнинг саноат корхоналари ва аҳолининг эҳттиёжлари учун кенг равишда фойдаланишга имкон беради”

Шу газетанинг 1945 йил 23 октябрь № 28 (341) сонида қуйидаги хабар эълон қилинган.

Колхоз қишлоғини электрлаш

ЎзССР Ленин район, Сандабат сельсоветининг колхозлари “Андижон” нефт корхонасига яқин бўлган жойда газопровод ўтказдилар. Бу газдан колхозчиларнинг 200 дан ортиқ оиласи фойдаланади. Шунингдек Сталин номли артелида, Мархамат район Калининг сельсоветида Маркс номли колхоз уйлари газлантирилган.

Фронт ортида мислсиз оғир шароитда ғалаба учун неки зарур бўлса шуларни бунёд этган, фронтни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турган халқимизнинг ватанпарварлик, жасоратли меҳнатлари ҳукумат томонидан муносиб тақдирланиб турилган.

“Ватан шарафи учун” газетасининг 1945 йил 7 январь № 2 сонида СССР Олий совети президиуми томонидан Узбекистон ССРнинг 20 йиллиги куни муносабати билан меҳнат фронтининг қаҳрамонларидан 10 нафар андижонликларни Ленин ордени билан тақдирлагани эълон этилган.


  • ОРИПОВ Исомитдин – Андижон область Избоскан районидаги “Қизил Ўзбекистон” колхозининг темирчиси,
  • ОХУНОВ Набижон – Ўзбекистон К(б)П Андижон область Хўжаобод район партия комитетининг биринчи секретари,
  • БОҚИБОЕВА Хайриниса – Андижон область Избоскан районидаги Янги замон қишлоқ советининг раиси,
  • ҒОЙИБОВ Жўрабой – Андижон область Хўжаобод районидаги Сталин номли колхоз раиси,
  • ҚОСИМОВ Сафар – Ўзбекистоннинг КП(б) Андижон область Избоскан район партия комитетининг биринчи секретари,
  • РАЗЗОҚОВ Эшонхон – Андижон область Олтинкўл районидаги Сталин номли колхоз раиси,
  • РАҲИМОВ Тоштемир – Андижон область Хўжаобод районидаги Карл Маркс номли колхоз раиси,
  • ХОЛИҚОВ Турсун – Андижон область Ленин районидаги Сталинчи колхознинг раиси,
  • ХОЛМАТОВ Ҳидоят – Андижон область Избоскан районидаги “Қизил Октябр” колхозининг раиси,
  • ҲАМРАҚУЛОВ Аҳматқул – Андижон область Андижон районидаги “Октябр” колхозининг раиси.

Бутун Ўзбекистон халқи каби Андижон вилояти халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги буюк ғалабага қўшган ҳиссаси ҳақида кўплаб тарихий лавҳалар борки, уларни вақти-вақти билан Сиз азиз муштарийларга етказиб борамиз.

Рустамбек Шамсутдинов – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, тарих фанлари доктори, профессор

Одилжон Абдуқаҳҳоров – АнДУ Ўзбекистон тарихи 2-босқич магистранти

Ахрорбек Отахонов – АнДУ тарих факультети битирувчиси


Киритилган вақти: 04/05/2017 08:24 Кўрилганлиги: 5220
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтдаги интерактив хизматларга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 138
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг