Бош саҳифа / Янгиликлар / Балиқчиликларнинг бир куни
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Балиқчиликларнинг бир куни

Балиқчи тумани ҳақида гап кетганда, беихтиёр донгдор пахтакорлар Хайрихон Эргашева, Ҳакимжон ота Қаюмов, Ширмонхон Саломова, филология фанлари доктори, профессор Абдулҳамид Нурмонов, халқ ҳофизлари ака-ука Исроилжон ва Исмоилжон Ваҳобовлар кўз олдимизга келади. 

Уларнинг ҳар бири ўз соҳасининг дарғалари сифатида балиқчиликларнинг фахрига айланишди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг биринчи ойи якунига етди. Туман аҳли ҳар сафаргидек халқ хўжалигининг турли жабҳаларида фидойилик. шижоат билан меҳнат қилишмоқда. Қуйида шу ҳақда сўзларканмиз, ҳамжиҳатлик ва изланиш муваффақиятларга доялик қилаётганига амин бўлдик.

МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН БОР

Туман марказидаги Исломобод маҳалласида яшовчи З. Аллаярованинг оиласи уй-жой масаласида қийналишарди. Чорасиз қолган хонадон соҳибаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилди. Вилоят ва туман ҳокимлиги девонхонаси мутахассислари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари у билан юзма-юз учрашиб, аҳволни ўрганишгач, муаммонинг ижобий ечими топилди.

З. Аллаярова яна қўлига қалам олди. Аммо бу галгиси самимий тилакларга йўғрилган ва вилоят ҳокими номига йўлланган миннатдорлик хати эди. Истаклари рўёбга чиққан кўплаб юртдошларимизнинг қалб сўзлари битилган бундай мактублар сони ортиб боряпти. Чинобод МФЙ, Алвон кўчасидаги 135-уйда яшовчи Шоирахон Қўчқорова, Омонариқ маҳалласи фуқароси Людмила Клевакиналар жулар жумласидандир.

Халқ таъбири билан айтганда, "Бош вазир портали"га ўтган йилнинг ноябрь ойидан бери балиқчилик фуқаролардан 197 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг ижроси билан қизиқдик.

– Мутасаддилар томонидан 170 дан ортиғи қисқа фурсатда ўрганиб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилди, – деди биз билан суҳбатда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Баҳодиржон Очилов. - Уларга эътибор ва холислик, қонунийлик асосида ёндашиляпти. Негаки ҳар бир мурожаат, хат ортида инсон бор...

Давр талабларидан келиб чиққан ҳолда туман марказининг гавжум жойидаги кўркам бинога Халқ қабулхонаси жойлаштирилди. Замонавий мебель ва жиҳозлар, керакли воситалар, кўргазмалар билан таъминланган бу масканда мурожаат қилувчилар учун зарурий шарт-шароитлар яратилганлиги эътиборни тортади. Одамлар умид ва ишонч билан бу жойга қадам босишмоқда.

ЁШЛАР УЧУН ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ

Туманда саноат салоҳиятини оширишда 2016-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури катта аҳамият касб этмоқда. Мазкур дастур доирасида ўтган йилда 21,5 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилди. Натижада 331 та лойиҳа рўёбга чиқарилди ва 2700 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Улар асосан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига аталгани диққатга сазовор.


Чинобод шаҳарчасида фаолият кўрсатаётган "Қувват-ул Камол" масъулияти чекланган жамияти жамоаси асосан чармдан спорт буюмлари тайёрлашга ихтисослашган. Бокс, каратэ, таэкван-до билан шуғулланувчиларга мўлжалланган бежирим қўлқоплар, зарб қопчалари, қўлбоғлар ҳамда трикотаж маҳсулотлари харидоргир бўляпти. 30 дан ортиқ ишчининг деярли ҳаммаси коллеж битирувчиларидир.

– Чинобод қурилиш коллежи билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз, – дейди жамият раҳбари Наврўзбек Ҳамроқулов. – Битирувчилар ҳар ҳафтада икки кун ишлаб чиқариш бўйича амалий машғулотларини бизнинг цехларимизда ўташяпти. Улар тажрибали усталарга бириктирилади. Ўзини кўрсатган, сифатли иш бажаришни ўрганган ёшлар шу ерда қолишади...

Харидорлар талаби ва бозор эҳтиёжларини ўрганган Наврўзбек яқинда шаҳарча марказида фирма дўконини ташкил этди. Айни кунларда эса у 20 киши ишлайдиган янги цехни ишга тушириш тараддудида.

БИР-БИРИДАН ЎРГАНИБ...

Олимбек қишлоқ фуқаролар йиғинининг Дўнгсарой маҳалласида яшовчи Маматқодир ота Жамолдинов бу йил 92, аёли Улуғчахон момо 80 ёшни қаршилашмоқда. Уларнинг аҳил ва тотув хонадонини ҳамма ҳавас қилади. 10 нафар фарзанд, 38 невара ва 18 чевара табаррук отахон-онахоннинг атрофида жамулжам. Бу хонадоннинг эътиборга молик яна бир жиҳати бор. Қарийб ярим асрдан бери оила аъзолари лимон етиштириш билан машғул. Ҳарир плёнка остидаги деҳқончилик орқасидан замонавий қўша-қўша уй-жойлар, машиналарга эга бўлишди, тўйлар қилишди, Ҳаж сафарига боришди - хуллас, кўнгил истаклари ушалди.

Дўстлик маҳалласида яшовчи Зокиржон ака Султонов тиниб-тинчимас, янгиликка иштиёқманд, ҳар нарсага қизиқувчи инсон. Саранжом-саришта хонадонида сигир, қўй, қуён, турфа зотли товуқлардан тортиб, қирғовул, канарейка, товус, тўтигача парваришлаяпти. Айни кунларда 2 сотих иссиқхонасига 27 туп лимон кўчати экиш ҳаракатида юрибди. Эл дастурхонини тўкин қилиш илинжидаги бундай инсонларни ҳамма маҳаллада учратиш мумкин.

Салкам 150 йиллик тарихга эга Олимбек қишлоғидаги аҳоли хонадонларида айни паллада 66 та иссиқхона фаолият кўрсатяпти. Уларда помидор, бодринг, ошкўклар, лимон етиштириляпти. Бу эса ўз навбатида турмуш фаровонлиги ва дастурхон тўкинлигини таъминлаяпти. Қишлоқ фуқаролар йиғинининг раиси Шоядбек Сатторовнинг таъкидлашича, банк кредитлари ҳисобига хонадонларда 35 та янги иссиқхона қуриш ҳаракати бошланган. Бир-биридан ўрганиб, ибрат олиб, яратувчиликнинг замонавий жабҳасида тер тўкаётган олимбекликларга омадлар ёр бўлишини тилаймиз.

Йил сайин чемпионлар кўпаймоқда

Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби спортнинг ўн бешдан ортиқ турлари бўйича бир минг саккиз юздан зиёд ўқувчи шуғулланяпти. Шундан 530 нафари қизлардир. Улар спортнинг 11 та тури бўйича мураббийлардан мунтазам тайёргарлик ва маҳорат сабоқларини олишяпти...

Жамоа эришаётган муваффақиятларга ҳавас қилса, арзийди. Бу, тарбияланаётган ўқувчи ёшлар қўлга киритган ютуқларда яққол кўзга ташланади. Чунончи, 2015 йилги республика ва халқаро мусобақаларда 13 та (еттита - олтин, бешта - кумуш, битта – бронза) медалларига сазовор бўлишди. Ўтган йилдаги зафарлар эса янада мўл: республика миқёсида 40 га яқин, халқаро беллашувларда иккита олтин медаль соҳибига айландилар. Балиқчи индустриал-педагогика коллежи 2-курс ўқувчиси Ҳавасбек Асадуллаев бокс бўйича Қозоғистонда ўтказилган халқаро турнирда ўз вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади. Дилҳавас Садриддинова Остона шаҳрида белбоғли курашда иккинчи, оғир атлетикадан олти карра Ўзбекистон чемпиони Муаттар Набиева эса Грузия пойтахтида ўтган жаҳон чемпионатида учинчи ўринларга лойиқ топилдилар. Муассасанинг белбоғли кураш мураббийи Зулфизар Жўраева республикада 2016 йилнинг энг яхши ҳаками, деган мақомга эга бўлди. Ўтган йилнинг ўзида бир нафар халқаро тоифадаги, икки нафар спорт устаси тайёрланди. Саккиз ўқувчи спорт усталигига номзодлик мақомини қўлга киритди. 374 нафар I, II ва III тоифали ёш спортчилар етишиб чиқди.

Мамлакатимизда ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун улкан шароитлар яратиб берилмоқда. Мисол учун, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тумандаги 44 та мактабда спорт заллари бунёд этилди. Иккита V тип спорт мажмуаси фаолият кўрсатмоқда. Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби эса ўтган йилда 2 миллиард 600 миллион сўм маблағ эвазига реконструкция қилинди. Марказий стадион ҳам қайта таъмирланиб, ёш спортчилар ихтиёрига топширилди. Буларнинг барчаси болалар ва уларнинг соғлом, баркамол вояга етишлари учун эканини ўйлашнинг ўзиёқ киши қалбида фахр уйғотади. Балиқчилик ёш спортчилар буни ҳис этган ҳолда изланмоқдалар.

манбаа: auz.uz



Киритилган вақти: 02/03/2017 12:52 Кўрилганлиги: 4427
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 117
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг