Бош саҳифа / Янгиликлар / Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш юзасидан тадбиркорларга МУРОЖААТИ
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш юзасидан тадбиркорларга МУРОЖААТИ

Ассалому алайкум, азиз Андижонликлар!

Бугунги ҳаётимизнинг мард ва олижаноб, изланувчан, яратувчанлик, бунёдкорлик ва инновацион ғоялар соҳиби ҳисобланган замонамиз қаҳрамонлари – тадбиркорлар ва ишбилармонлар!

Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Муҳтарам Президентимизнинг сўзлари билан айтганда, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз. Шунинг учун ҳам муҳтарам юртбошимиз Ўзбекистоннинг келажаги, истиқболи ва тараққиётини сизларнинг тимсолингизда кўриб турганлигини алоҳида таъкидламоқда.

Муҳтарам Президентимиз раислигида 7 ноябрь куни ўтказилган видео селектор йиғилишида “Ҳар бир тадбиркорга-кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” деган бош ғоя асосида аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Мамлакатимизда, шу жумладан вилоятимизда ўрта ва кичик бизнесни ривожлантириш, тадбиркорлик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилаётганлигидан сизлар каби биз ҳам ғоят қувонамиз. Чунки, тадбиркорларнинг иши юришса, омади чопса, хилма- хил ғоя ва лойиҳалари эътироф этилиб, жамият ривожини таъминласа, бундан, энг аввало, халқимиз баҳраманд бўлади. Энг эзгу мақсадимиз эса юртбошимиз айтганидай, халқни рози қилиш, одамлар учун фаровон ва саодатли турмуш тарзини қарор топтиришдир.

Жорий йилнинг 19-20 октябр кунлари Андижонда ўтказилган "OPEN ANDIJAN 2019" биринчи халқаро инвестицион форумининг асосий мақсади ҳам Андижонда тадбиркорлик платформасини яратиш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришга қаратилган эди.

31 та хорижий давлатлардан 330 дан ортиқ хорижий инвесторлар, республикамизнинг барча вилоятларидан жами 300 дан ортиқ маҳаллий инвесторлар форум доирасида фаол иштирок этдилар.

Энг муҳими, форумда иштирок этиш учун Андижоннинг асосий ва стратегик ҳамкор давлати ҳисобланган Ҳиндистоннинг Гуджарат штати бош вазири Виджай Рупани бошчилигидаги 57 та юқори мартабали меҳмонлардан иборат делегация аъзолари иштирок этишди.

Бундан ташқари, вилоятимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, улар учун қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд бўлган салоҳият ва имкониятларимиз билан хорижий давлатларнинг бизнес ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан 14 та давлатлардан (Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония, Германия, Англия, Хитой Россия, Белоруссия) 138 та хорижий инвесторлар билан учрашувлар ўтказилди.

Ушбу учрашувларимиз натижасида вилоятимизда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Андижон туманида 52,7 гектар ер майдонида “Андижон Фарм” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиб, ҳозирда қиймати 101,5 млн. доллларлик 9 та фармацевтика йўналишида лойиҳаларимиз амалга оширилмоқда.

Шунингдек, вилоятимизда 19 та хорижий давлатлар билан ҳамкорликда 97 та турли йўналишларда лойиҳалар амалга оширилмоқда, улар томонидан жорий йил 10 ойи давомида 235,4 млн. доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, бугунги кунга келиб 17 таси ишга туширилди.

 Якуний ҳисоботларга кўра, Форум доирасида Андижон вилояти тадбиркорлари томонидан жами бўлиб 406 млн. АҚШ долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 22 та лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар ҳамда 60 млн. АҚШ долларлик 12 та экспорт шартномалари имзоланди.

 Масъул идора ва тадбиркорлар ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш, муаммоларини ҳал этиб бориш бўйича яратилган янги тизим асосида ҳар ҳафтанинг Душанба, Сешанба ва Чоршанба кунлари “Тадбиркорлик куни” деб белгиланган.

 Шу кунга қадар ёзма мурожаатлардан ташқари “Тадбиркорлик кунлари” да 2 минг 868 нафар тадбиркорларнинг лойиҳаларидаги муаммо ва масалалар бўйича мурожаатлари эшитилиб, шундан 2 минг 719 та масалалари ҳал этилди.


 Ҳурматли тадбиркорлар!

 Республика вазирлик ва идоралари билан биргаликда вилоятимизда 2019-2020 йилларда умумий қиймати 25 трлн. сўмлик инвестицияларни ўзлаштирилиши ҳисобига 908 та янги лойиҳалар Дастури ишлаб чиқилган.

 Хусусан, ўтган давр мобайнида 2,2 трлн. сўм миқдорида инвестицияларни ўзлаштирилиши ҳисобига янги 458 та лойиҳалар ишга туширилди ва 25700 дан зиёд кафолатли иш ўринлари яратилди. 

Шу ўринда, 2019 йил якунига қадар яна 4,5 трлн.сўмлик 696 та лойиҳаларни инвестор ҳамкорларимиз билан биргаликда ишга туширишни олдимиз мақсад қилиб олганмиз. 

Яна бир муҳим масала, шаҳарлар ва туманларда 11 та кичик саноат зоналарини ташкил этганмиз. Бу ерда ҳозирда

234 та тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 319 млрд. сўмлик лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз.

Жорий йилда амалга оширилган ишлар натижасида умумий қиймати 170 млрд.сўмлик инвестициялар жалб қилиниши ҳисобига 95 та лойиҳалар ишга туширилиб, 1 минг 763 та янги ишчи ўринлари яратилди.

Амалга оширилган лойиҳалардан 9 таси импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар (автомобилсозлик) ишлаб чиқаришга ихтисослашган, 25 таси экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарни ташкил этади.

Бугунги кунда маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган лойиҳалар томонидан 86,8 млрд.сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 6,5 млн. долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган.

Бугунги кунда мавжуд саноат зоналарида 139 та лойиҳаларда ташаббускорлар томонидан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида

149,2 млрд.сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 2 минг

175 та ишчи ўрни яратилади.

Бундан ташқари, қўшимча яна 9 та (Булоқбоши, Хўжаобод, Пахтаобод, Бўз, Избоскан, Жалақудуқ, Улуғнор, Олтинкўл ва Хонобод шаҳар) янги кичик саноат зоналарини ташкил этиш учун 64,4 гектар ер майдони ажратилмоқда.


 Азиз ҳамюртлар!

 Шу ўринда бир муаммога тўхталиб ўтсам, хабарингиз бор вилоятимиз ҳудуд жиҳатдан бошқа вилоятлардан кўра кичик, лекин аҳолимиз сони кўп. Шунинг учун вилоятимиз тадбиркорлари ер олиш масаласида жуда кўп муаммога дуч келмоқда.

 Муҳтарам Президентимизнинг топшириқларига асосан ўтган йилдан бошлаб вилоятдаги бўш ер майдонлари “Е-Ижро” аукцион дастури орқали сотилиши йўлга қўйилиб, тадбиркорлик қилмоқчи бўлган ҳар бир ташаббускор ушбу дастур орқали ўзига маъқул бўш ер майдонларини бемалол сотиб олиши мумкин.

Хусусан, шу кунгача ташаббускор 541 нафар фуқаролар аукцион орқали 21 гектар бўш ер майдонларини сотиб олдилар. Мазкур аукционда яна 197 та (8,4 га) ер майдонлари ҳам сотувда турибди.

Жумладан, вилоятимизда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга бино - иншоотлар ва ер майдонлари ажратиб бериш бўйича аввал хусусийлаштирилган ва ҳозирда самарасиз фойдаланилаётган бино-иншоотлар тўлиқ хатловдан ўтказилди.

Бўш турган давлат мулки объектларининг жами 102 таси, шундан 72 таси “ноль” қийматда, 30 таси аукцион электрон савдолари орқали тадбиркорларга берилди.

Мазкур давлат объектлари учун жами 126 млрд.сўм ҳамда 46 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳисобига 3 минг 465 та янги иш ўринлари яратилди.


   Ҳурматли ишбилармон ва тадбиркорлар!

Муҳтарам Президентимизнинг бевосита озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб бораётган одилона сиёсати туфайли вилоятда чорвачилик соҳасига ҳам эътибор кучайтирилди.

Вилоятда сўнгги 3 йил давомида қорамоллар бош сони

623 минг бошга ёки 106 фоизга, шундан сигирлар 34 минг бошга ёки 105 фоизга оширилди.

Шунинг ҳисобига, вилоятда гўшт ишлаб чиқариш

117 фоизга, сут ишлаб чиқариш 109 фоизга ортди.

Вилоятда қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва қўй-эчкичиликни ривожлантириш бўйича жорий йилда жами 116 та лойиҳалар амалга оширилди.

Ушбу лойиҳалар учун 1,7 трлн.сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 1 минг 629 та янги иш ўринлари яратилди.

Жумладан:

-қорамолчилик йўналишида 51 та лойиҳалар амалга оширилиб, 412 млрд.сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига 687 та янги иш ўринлар яратилди;

-паррандачилик йўналишида 28 та лойиҳалар амалга оширилиб, 138 млрд.сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига 580 та янги иш ўринлар яратилди;

-балиқчилик йўналишида 24 та лойиҳаларда 83 гектар майдонда янги балиқ ховузлари барпо этилиб, жами 153 млрд. сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, бунинг ҳисобига балиқ етиштириш ҳажми 15 минг тоннага етказилди.

 Асака, Марҳамат, Жалақудуқ, Хўжаобод, Булоқбоши, Андижон, Қўрғонтепа туманлари адир ва тоғ ёнбағирларида Асаларичилик, Андижон, Пахтаобод, Балиқчи, Олтинкўл, Жалақудуқ, Қўрғонтепа ҳамда Улуғнор туманларида Балиқчилик, сув ресурслари юқори бўлган Пахтаобод, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Избоскан ва Андижон туманларида Шоличилик фермер хўжаликлари ташкил этиш режалаштирилган.

 Хом ашёни қайта ишлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш имкониятлари бўйича 2018 йил давомида 2,1 млн. тонна мева-сабзавот (истеъмолга 600 минг тонна, экспортга 181 минг тонна) етиштирилди. Вилоятда мева-сабзавот маҳсулотларни қайта ишлаш қувватлари 294 минг тоннани (жами етиштирилган маҳсулотларнинг 14 фоизини қайта ишлаш) ташкил этади.

Йил бошига қайта ишлаш корхоналари сони 31 тани, уларнинг умумий қуввати эса 316 минг тоннани ташкил этиб, етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг саноат усулида 12,7 фоизини қайта ишлаш имкониятини яратади.

Жорий йилда 4 та, қуввати 2,9 минг тонна бўлган янги қайта ишлаш корхонаси ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, амалда Андижон туманида “МАСК” МЧЖ томонидан 2,5 минг тонна маҳсулотларни (мош) қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилди.

Йил охиригача яна 2 та янги корхона ишга туширилиб, жами қайта ишловчи корхоналар сони 35 тага, қуввати 318 минг тоннага етказилади. Мазкур лойиҳаларнинг амалга ошириш ҳисобига вилоятда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг саноат усулида қайта ишлаш имкониятлари 12,7 фоиздан 13,8 фоизга етказилади.

2020 йилда 7 та ёки 30 минг тонна қувватга эга мева-сабзавотларни қайта ишлаш корхоналари ишга туширилиб, уларнинг жами сони 42 тага етказилиб, қайта ишлаш даражаси 15,4 фоизга етказилади.

Бундан ташқари, вилоятда йил бошида умумий сиғими 151 минг тонна бўлган 412 та музлатгичлар мавжуд бўлиб, 13 та, сиғими 4 минг тонналик янги музлатгичлар ташкил этилди.

Бугунги кунда уларнинг умумий сони 425 тага, сиғими 155 минг тоннага етказилди.

Шу билан бирга, муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 29 июлдаги ПҚ-4406-сонли қарори билан 3 та, йиллик қуввати 27 минг тонна бўлган умумий қиймати 100 млрд.сўмлик агрологистика марказлари ташкил этилиши белгиланган.

Ҳозирда мазкур лойиҳалар томонидан қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, Андижон туманида “Андижон технопарк қўшма корхона шаклидаги” МЧЖ томонидан 20 минг тонна йирик агрологистика маркази 2020 йилнинг март ойида амалга оширилади.

 Жорий йилнинг 9 ой якуни билан вилоятимиз ялпи ҳудудий маҳсулотдаги кичик бизнеснинг улуши 73 фоиз, ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг ҳажми бўйича республикада тутган ўрни 5-ўринга тўғри келмоқда.

 Бу кўрсаткичларни 2020 йилга бориб вилоят бўйича ялпи ҳудудий маҳсулотдаги кичик бизнеснинг улушини 80 фоизга, саноатда ишлаб чиқариш улушини 15 фоизга кўтариб республикада етакчи бўлишни режалаштирмоқдамиз.

 Яна бир масала, ҳеч кимга сир эмас, мамлакатимизда жумладан, Ўрта Осиёда биринчи бўлиб Андижонда автомобилсозликка асос солинган. Ҳозирги кунда вилоятда фаолият олиб бораётган “Ўз Автосаноат” АЖга қарашли корхоналар автомобилсозликда 3500 дан зиёд турдаги импорт маҳсулотларни маҳаллийлаштириш таклифини киритмоқда. Бунинг учун мавжуд барча ишлаб чиқариш корхоналарини ҳамкорликка таклиф қилмоқдамиз.

 Бугунги кунда “Ўз Авто Моторс” АЖ ва бошқа қўшма корхоналарда чет давлатларидан олиб келинаётган жиҳозларни маҳаллийлаштириш мақсадида тадбиркорлар билан қўшма корхоналар ўртасидаги тўсиқлар олиб ташланмоқда.


 Ҳурматли тадбиркорлар!

 Муҳтарам юртбошимиз бошчилигида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қўламли ислоҳотлар натижасида иқтисодиётимизда туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

 Тадбиркорлар лойиҳаларини шакллантириш ва уларни ортиқча тўсиқларсиз молиялаштириш учун 3 та банк – Халқ банки, Микрокредитбанк ва Агробанк масъул қилиб белгиланди ва уларга етарлича ресурслар ажратилди.

 Ишларимиз самарасини янада ошириш мақсадида тадбиркорлар учун иқтисодий имтиёзлар яратилмоқда.

 Жумладан, хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўловлардан озод қилинган.

 Шу билан бирга тадбиркорлик субъектлари тижорат банкларида ҳисоб рақамларини очишда ҳеч қандай банк хизмати ундирилмайди ва ҳисоб рақамни электрон шаклда (яъни банкга бормасдан) очиш имконияти яратилди ва уларнинг маъмурий харажатлари қисқартирилди.

 Эндиликда тижорат банклари томонидан 3 йил муддатгача 6 ой имтиёзли давр билан Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаштириш ставкасида (16 фоиз) тадбиркорлар учун кредит маблағлари ажратилади. Бунда энг кам иш хақининг 150 баробаригача бўлган миқдорда гаров таъминотисиз, яъни сектор раҳбарининг хулосасига асосан кредит олиш мумкинлиги белгиланди.

 Аргосаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси иштирокидаги қишлоқ хўжалиги йўналишидаги лойиҳаларга 10 йил муддатгача 3 йил имтиёзли давр билан 500 минг АҚШ долларигача бўлган миқдорда кредит маблағ ажратилади.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан тижорат банкидан кичик тадбиркорлик субъектларига ажратилаётган кредитларнинг 50 фоизигача (бунда 2 млрд.сўмдан ошмаган миқдорда) кафилликлар берилади.

 Ушбу жамғарманинг кафилликлари барча тижорат банклари томонидан қабул қилинади. Шунингдек, жамғарма томонидан 8 млрд. сўмгача ажратилаётган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисми (5 фоизи)ни компенсация тарзида қоплаб беради.


   Ҳурматли ишбилармонлар!

  Мен Андижон вилояти ҳокими сифатида сизларга мурожаат қилиб, дилимдаги мулоҳазаларимни очиқ баён этаманки, ҳамиша ва ҳар доим сизлар билан ҳамнафас, ҳамкор, ҳамфикрман. Давлатимиз раҳбарининг сизларни ардоқлаб, эҳтиётлаб, ҳар бир ҳатти-ҳаракатингизни қонунлар билан кафолатлаб турганининг ўзи биз учун катта мактаб, раҳбарлик сабоғидир. 

 Сиз тадбиркорларга ҳам молиявий, ҳам ҳуқуқий, ҳам маънавий кўмак беришни ўзимнинг виждон амрим деб биламан. Керак бўлса ҳар куни сизни эшитишга тайёрман, ҳар кунги иш вақтимни сизлар билан бирга янги кичик бизнес субъектлари ташкил этишга, тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этишга сарфлайман.

 Тадбиркор бой бўлса, юрт гуллаб-яшнайди, ободонлашади, кишиларда эртанги кунга ишонч ортади. Президентимизнинг мана шу ўгитларини юрагимизга муҳрлаган ҳолда доимо сизларнинг орзу-умид, мақсад ва режаларингиз, ҳар томонлама манфаатли бизнес лойиҳаларингизни ёқлайман, вилоятда ҳар бир яратилаётган иш ўрни учун миннатдорлик билдираман.

 Мақсадимиз сизларни янада юксалишингиз, баланд марраларни эгаллашингиз, дунё бозорига чиқиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини намоён этишингиз учун қанот бағишлашдир.

 Амир Темур бобомиз айтганларидек, ишбилармон – мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан афзалдир.

 Келинглар, қўлни қўлга бериб, Андижонимиз, она ватанимиз равнақи учун, халқимизни ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун бутун борлиғимизни бахшида этайлик!


 Андижон вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов

2019 йил 11 ноябрь. Андижон


Андижон вилоят ҳокимлиги
Матбуот хизмати.

www.andijan.uz

 ------------

Facebook | Twitter | Instagram | YouTube | Telegram


Охирги ўзгариш: 11/11/2019 12:07 Кўрилганлиги: 3007
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 122
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг