Бош саҳифа / Янгиликлар / АЖРАШИШ АРАФАСИДА ТУРГАН 3 МИНГ 171 ОИЛА ЯРАШТИРИЛДИ
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

АЖРАШИШ АРАФАСИДА ТУРГАН 3 МИНГ 171 ОИЛА ЯРАШТИРИЛДИ

Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида оилани, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

 




Оила – жамиятнинг асосий бўғини. Бинобарин, оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор бўлади. Жамият, оила ва шахс бир-бирисиз мукаммал, бахтиёр бўла олмаслиги ҳаётий ҳақиқат. Шу маънода, оиланинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, мустаҳкамлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

 

Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов олиб борди.

 

Видеоконференцалоқа шаклида танқидий-таҳлилий руҳда ўтган сессия ишида туман ва шаҳарлар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, ҳокимларнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар, хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари, халқ депутатлари шаҳар-туман Кенгашлари депутатлари, таълим муассасалари директорлари, профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, йиғинлар қошидаги Яраштириш комиссиялари, “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмалари раислари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, имом-хатиблар, отинойилар иштирок этди.

 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрдаги парламентга Мурожаатномасида жорий йилда ижтимоий соҳани янада ривожлантириш учун амалга ошириш зарур бўлган устувор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш, улар билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш борасида муҳим вазифалар белгиланган.

 

Президентимиз фармони ва Мурожаатида белгиланган вазифалар ижроси доирасида вилоятда оилани, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Менинг маҳалламда бирорта ҳам оилавий ажрим бўлмаслиги керак!”, “Биз оилавий ажримларга қаршимиз” шиорлари остида “Оилаларни мустаҳкамлаш” ойлиги тадбирлари ўтказилди. Ҳафтанинг чоршанбаси “Оилаларни мустаҳкамлаш куни” деб белгиланди, “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси фаолияти кенгайтирилди, оилавий муаммоларни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, оилага жамоатчилик таъсирини кучайтиришга қаратилган тизимли ишлар олиб борилди.

 

Натижада 3 минг 429 та ажрим ёқасига келиб қолган оиланинг 3 минг 171 таси яраштирилди, ноқонуний никоҳ билан яшаётган 4 минг 249 та оиладан 3 минг 35 тасининг никоҳи қонуний расмийлаштирилди, 1 минг 249 та қайд этилмаган туғилганлик, ўлим, никоҳ ҳолатлари аниқланиб, белгиланган тартиб асосида ҳужжатлаштирилди.

 

Лекин, амалга оширилаётган шу каби ишларга қарамасдан, вилоятда оилавий ажримлар сони ортиб бораётгани, оилалар билан боғлиқ кўплаб муаммолар юзага келаётгани танқид қилинди.

 

Айни пайтда 3 миллион нафардан ортиқ вилоят аҳолиси 786 минг 941 оила таркибида истиқомат қилади. Ҳар йили вилоятда 30 мингдан ортиқ янги оила барпо бўлмоқда. Биргина 2018 йилда 30 минг 344 та никоҳ қайд этилган. Бироқ, 4 минг 149 та оила қонуний ажралиб кетган. Яъни, ажримлар 2017 йилга нисбатан 23,8 фоизга ортган.

 

Оилавий ажримлар Шаҳрихон, Андижон, Жалақудуқ, Избоскан, Олтинкўл ва Қўрғонтепа туманларида юқори экани қайд этилди.

 

Таҳлилларга кўра, ажримларга асосан фарзандсизлик, оилавий келишмовчилик, узоқ вақт бирга яшамаслик, иқтисодий етишмовчиликлар, қонуний никоҳни бекор қилмасдан бошқа оила қуриш сабаб бўлган.

 

Ажрашиб кетган оилаларнинг салмоқли қисмини ёш оилалар ташкил этади. Ёш оила бошлиқлари аксарият ҳолларда оилани мустақил бошқариш, фикрлаш, даромад топиш салоҳиятига эга, келинларнинг эса оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги кўриниб қолмоқда. Бундан ташқари, ёш оила ҳаётига қайнона, қайнота ва бошқалар аралашуви туфайли ҳам кўплаб ажрашишлар қайд этилган.

 

Мисол учун, Қорасув шаҳрида яшовчи Фурқат Қодиров беш марта уйланган. Биринчи хотинидан 3 нафар, иккинчи ва тўртинчи хотиндан 1 нафардан, жами 5 фарзанди бор. Ҳозирда унинг 4 нафар фарзанди отасиз улғаймоқда Бунга сабаб, унинг онаси Шаҳноза Йўлчиева келинлари билан муроса қилмайди, қайноналик бурчи, масъулиятини ҳис этмайди. Сессияда оилалар бузилишига сабабчи бўлаётган бу каби учинчи шахсларга нисбатан жамоатчилик таъсир чораларини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

 

Оилавий ажримдан энг аввало, аёл, вояга етмаган гўдаклар азият чекмоқда. Оилада келишмовчиликлар юзага келса, эр аёлни фарзандлари билан ота-онасининг уйига жўнатиб юбормоқда. Оиласи бузилган аксарият эркаклар аёлининг, фарзандларининг моддий таъминоти, руҳияти, тарбиясига, минг афсуски, эътибор қилмаяпти. Янада ачинарлиси, кўп вақт ўтмай, шаърий никоҳ билан бошқа аёлга уйланиб олмоқда.

 

Таҳлилларга кўра, турмуши бузилган аёлларнинг 50 фоиздан ортиғи ўрта ҳол ёки кам таъминланган, яшаш шароити оғир оилалар фарзандларидир. Қизнинг ажралиб, ота уйида қолиши ўша оилалардаги муаммоларни янада кўпайтирмоқда. Қолаверса, ажрашган аёл фарзандларини боқиш, уй-жой қилиш илинжида хорижий давлатларга ишлагани кетмоқда ёки енгил-елпи, ноқонуний йўллар билан пул топишга ҳаракат қилмоқда. Бу албатта, одам савдоси, аёллар иштирокидаги жиноятлар ортишига, фарзандлар тарбиясига, оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

 

Сессияда оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, оилавий муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, аёллар бандлигини таъминлашда ҳокимлар, сектор раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, йиғинлар қошидаги Яраштириш комиссияси, “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси раислари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, имом-хатиблар, отинойилар, ички ишлар профилактика инспекторлари, Ёшлар иттифоқи, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вакиллари, умуман, кенг жамоатчилик масъулиятини ошириш, бу борада аниқ, тизимли ишларни амалга ошириш, давлат, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

 

Шунингдек, мазкур йўналишда тарғибот ишларини кучайтириш, эрта никоҳлар, оилавий можаролар билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш, қонуний никоҳи бекор бўлмасдан туриб шаръий никоҳ билан бошқа оила қуриб олаётган, ана шу ҳолатни била туриб, унга шаръий никоҳ ўқиётган имомларга нисбатан қатъий чоралар кўриш, таълим муассасаларида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш, таълим муассасалари психологлари масъулияти ва фаолияти самарадорлигини янада ошириш, айниқса, муаммоли оилалар фарзандлари билан ишлаш борасидаги ишларни кучайтириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

 

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Фахриддин Убайдуллаев

 



Киритилган вақти: 08/02/2019 16:21 Кўрилганлиги: 3790
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Мактабгача таълим муассасаларига қабул қилишни, онлайн қилиш қанчалик зарур?

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 93
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг