Бош саҳифа / Янгиликлар / 14 февраль – шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

14 февраль – шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун

Андижонни оламга танитган даҳо

Бобуршунос олим, фидойи ва заҳматкаш инсон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зокиржон Машрабов билан мулоқот.

– Президентимиз Ш. Мирзиёев ташаббуси билан Андижонда 2017 йилнинг Бобур йили деб эълон қилиниши барчамизни қувонтирди. Бу Сизнинг узоқ йиллик меҳнатларингиз самараси, десак муболаға бўлмайди. Президентимиз ҳам ўз маърузасида буни қайта-қайта таъкидлади. «Эл-юрт тақдири учун куюниб, тиним билмай яшаган ана шундай ажойиб инсонларнинг давомчилари бугун ҳам Андижон заминида кўплаб топилади. Ҳаммамиз яхши танийдиган Бобур халқ-аро фондининг раиси, ҳурматли Зокиржон ака Машрабовни мен худди шундай мард, ватанпарвар инсон деб биламан», дея Сизга ва фонд фаолиятига катта баҳо берди. Бу сизни янада янги ишларга илҳомлантирган бўлса керак? Шундай эмасми?

– Аввало, шундай эътироф ва эътиборга етказганига шукурлар ва ташаккурлар айтамиз. Бундан 25 йил олдин улуғ бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур изидан йўл олиб, дунё кезиб, унинг бой маданий ва маънавий меросини излаб топамиз, десак ҳамма ҳам ишонмаганди. Ҳатто бир қанча тўсиқлар, эътирозларга учрадик. Аммо дилида яхши ният билан иш бошлаган кишини Яратганнинг ўзи қўллар экан. Ҳар бир қадамда фақат савоб ишларни амалга оширишни режалаштирган Бобур халқаро илмий-экспедициясини бугун бутун ер юзи таниди. Чунки бобомиз Бобурни билмаган биронта миллат ё мамлакат йўқ бўлса керак. Андижонда туғилиб ўсган ва ўз юртини дунёга танитган бетакрор шахс, оламни ҳайратга солган шоҳ ва шоир Бобур бугунгидан кўра ҳам кўпроқ эъзозга лойиқ эмасми? Экспедициямиз қилаётган ишлар аждодларимизга бўлган юксак муҳаббат олдида уммондан бир томчи холос. Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг Андижонга ташрифи чоғида айтган сўзлари, олдимизга қўйган топшириқ ва вазифалари эса ҳаммани бир карра уй-ғоқликка чорлаган бўлса ажабмас. Айниқса, «Бобурни бобомиз, аждодимиз, деб кўп гапирамиз. Лекин ташвиқот ишлари етарли эмас... Нимага шуни Андижон бошламайди? ...Бобурдек буюк зот Андижонда бор. Яна қаерда бор? Йўқ-ку!» деган фикрлари биз учун катта чорлов, даъват бўлди.

Тўғри, юртимизда кўплаб улуғ инсонлар ўтган. Зеро, Самарқанд, Бухоро, Хивани қадимий юрт, улуғлар макон тутган замин сифатида дунё таниса, Андижонни Бобур таваллуд топган диёр, деб аҳли олам оқиб келадиган қадамжога айлантиришимиз керак. Бунинг учун биргина Боғи Бобур, кичкинагина музей камлик қилади. Ўша давр руҳини намоён қиладиган шарқона шаҳарсозлик намунасини яратиш зарур.

– Айни кунларда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Албатта, вилоят ҳокимлиги бошчилигида «Бобур йили дастури ва чора-тадбирлар режа»си ишлаб чиқилди. Дастурда мактабдан тортиб маҳаллагача, ташкилот ва муассасаларгача тегишли вазифалар белгиланди. Бу тадбирларни қалб амри ва масъулият билан бажариш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

Жамғарма олдида эса янада залворли мақсадлар турибди. Зеро, шу пайтгача илмий ишлар, амалий фаолиятимизда эришган ютуқларимиз, янгиликларни ҳам айтиб ўтсам. Ҳозиргача Германия, Россия, Швейцария, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатларда фондимиз фаолият олиб бормоқда. Яқинда қорақалпоқ элида ҳам янги бўлим иш бошлади. Элликқалъа туманида ёшлар ўртасида «Бобур билимдонлари» танлови аллақачон бошлаб юборилди.

Ўтган давр мобайнида машҳур «Бобурнома» асарининг ўзи 3 марта ниҳоятда гўзал шаклда нашр этилди. Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг «Тарихи Рашидий», Хондамирнинг «Ҳабибус-сияр» асари, хатти Бобурий ҳарфларида кўчирилган «Қуръони карим» нусхаси, форс тилида Бобур куллиёти, шунингдек, Румер Годеннинг «Гулбадан», Харольд Лэмбнинг «Бобур – Йўлбарс», Вильям Рашбургнинг «Ўн олтинчи аср бунёдкори» асарлари таржимонларимиз томонидан ўзбек тилига ўгирилиб, чоп қилинди.

Ҳозир «Жаҳон маданияти ва Бобур» музейида 500 дан ортиқ ноёб қўлёзмалар, китоблар сақланмоқда. 30 га яқин ҳужжатли фильмлар суратга олинди. Айниқса, илк бор «Бобур энциклопедияси»нинг нашр этилиши жаҳон бобуршунослигига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Энциклопедиянинг II нашри ҳам тайёрланди ва чет тилларига таржима қилинмоқда. «Бобур библиографияси ва луғати» яратилгани эса нур устига аъло нур бўлди. Бу китоблар келажак авлодларга улкан маънавий озиқ бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, кўҳна Андижон шаҳрининг 2500 йиллик шаҳарсозлик тарихи исботланишига эришдик. Қадимий Арк, Шаҳристон ва Робот қисмлари аниқланди. Бунда археолог олимларимизнинг хизматлари катта бўлди. «Андижон тарихи», «Древний и средневековўй Андижан» китоблари нашр этилди. Археология музейи ҳам фаолият юритмоқда.

Ҳали олдимизда бундан-да масъулиятли ишларимиз турибди. Бобурнинг танланган асарларини чоп этиш, «Бобурнома»нинг йўқолган қисм-ларини, «Ҳарб илми» ва «Мусиқа сирлари» асарларини излаб топиш, Андижон энциклопедиясини яратиш... Буларни яна давом эттириш мумкин.

Шунингдек, илмий экспедициямиз олдида турган эзгу мақсадларимиздан бири, буюк қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг Афғонистондаги қабри обод этилиб, сағана ва мақбара қурдириш ишларини бошлашдир. Шундай улуғ олимнинг қабри қаровсиз ва эътиборсиз ётибди. Кўриб, қалбларимиз ларзага келди. Ишкамишда шоҳ Машраб қабри, Кашмирда Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг, Улуғбек бобомизнинг шогирди Али Қушчининг Истамбулдаги қабрлари ҳам хароба ҳолга келиб қолган. Уларни обод қилиш аждодларимиз олдидаги муқаддас бурчимиздир.

– Шу ўринда улуғ шоир Алишер Навоийнинг Ҳирот шаҳрида Мусалло майдонидаги мақбарасини ободонлаштириш ишлари жаҳон оммаси эътирофига сазовор бўлганини эслаб ўтиш жоиз. Зеро, ўтган йили Афғонистоннинг Қобул шаҳрида ўтказилган халқаро илмий анжуманда Сизга биринчилардан бўлиб «Алишер Навоий» ордени берилиши ҳақидаги Афғониситон Президентининг фармони имзоланди. Бугун Алишер Навоий мақбараси қай ҳолатда?

– Бобур халқаро илмий экспедициясининг савобли ишларидан бири ҳам шу бўлди. Илк сафардаёқ меъмор, геолог, муҳандис ва уста ҳунармандлар бўлғуси мақбаранинг лойиҳасини чизиб келишган эди. Моҳир лойиҳачи меъморлар Обоқул Мирзаев, Муҳаммаджон Мирзаев, сангтарош муҳандис уста Тоҳир Раҳимов, муҳандис олим Зайнобиддин Мамарасулов, адабиётшунос Ваҳоб Раҳмонлар биргаликда мақбарага қўйиладиган мармар сағаналар ва мақбара дарвозаларини олиб бориб ўрнатишга муваффақ бўлдик. Буюк миллатдошимиз Алишер Навоий қабри мақбараси атрофига Ўзбекистондан олиб борилган 2150 туп манзарали дарахт кўчатларини экиб, шинам боғ барпо қилинди. Бу ўз-ўзидан бўлмади, мамлакат нотинчлиги сабаб, ҳарбийлардан ёрдам олдик. ЮНЕСКОнинг Ҳиротдаги вакили Носир Аҳмад Ёвар, ҳокимият вакиллари, зиёлилар бизнинг саъйҳаракатларимизни кузатиб туришди ва юртдошимизга бўлган эҳтиромимизни кўриб, тасаннолар айтишди. Биз эса бобомиз Алишер Навоийнинг қабрини зиёрат ва обод қилганимиздан беҳад шод эдик. Энг муҳими, шоир мақбарасига маҳаллий ҳокимиятнинг ҳам эътиборини тортдик. Ҳозир бу маскан давлат муҳофазасига олинган.

Шунингдек, Навоийнинг устози мавлоно Лутфий дафн қилинган Дашти Қамар қишлоғида бўлиб, бу ерда ҳам ободонлаштириш ишларини амалга оширдик. Ўзбекистондан мақбара ва сағана тошларини олиб бориб ўрнатдик.

Бу ишларнинг замирида ҳамиша бобоколонларимиз руҳини шод қилиш, юртимиздан нечоғли улуғ инсонлар етишиб чиққанини дунёга кўрсатиш, ёшларимизни маънавий баркамолликка етаклаш сингари мақсадлар мужассамдир.

– Халқаро экспедиция сафарлари ҳақида кўплаб китоблар, фильмлар яратилди. Уларни ўқиб, кўриб биляпмизки, тарихнинг яширин саҳифалари жуда кўп, шундаймасми?

– Албатта. Ҳали қанчадан-қанча биз билмаган сир-синоатлар ётибди. Буюк ипак йўлидаги кўплаб мамлакатларда бўлиб, Бобур оёғи етиб борган шаҳар ва қишлоқлар харитасини мукаммал қилиб яратишимиз зарур. Европада буюкларимиз ёзиб қолдирган кўплаб китоблар кутубхоналарда, музейларда сақланмоқда. Уларни юртимизга қайтариш ҳам бурчимиздир.

Энг қизиғи, Бобур билан бирга кетган миллатдошларимиздан қолган қишлоқлар, маҳаллалар бор. Оддийгина Фарғонанинг Ҳушёр қишлоғидан кетган, Андижондан бирга йўлга чиққан ўзбеклар авлод-аждодлари Ҳиндистонда, Афғонистонда макон топганлар. Ҳиндистонда ҳозир Ҳушёр деган маҳалла борлиги маълум бўлди. Улар ҳақида ҳам фильмлар яратиш мумкин. Шу пайтгача ўзбек киноматографлари томонидан Бобур ҳаёти ва ижоди ҳақида тўлиқ ҳикоя қилувчи бадиий фильм йўқлиги катта камчилигимиздир. Болаларимиз ўзга халқларнинг қаҳрамонлари, шоҳлари ҳақида кўп нарса билади-ю, буюк инсонлар – Амир Темур, Ал-Бухорий, Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида камроқ билишади.

Президентимиз ҳаммамизни уйғоқликка чақириб, бу борада сусткашликларни очиқ-ойдин айтди.

Ўтган йиллар давомида пойтахт Тошкент ва Андижон жаҳон Бобуршунослари томонидан Бобуршунослик маркази бўлиб қолиши эътироф этилди. Энди мамлакат миқёсида кенг кўламли ишларни амалга оширишимиз, Бобур Мирзо номи, хотираси ва ижоди, қолаверса, боғини тубдан ободонлаштириш, жаҳон андозалари даражасида ўзгартириш каби қатор тадбирларни биргалашиб муносиб тарзда олиб боришимиз зарур.

– Мазмунли ва мароқли суҳбатингиз учун раҳмат! Бундан буён ҳам Бобур ва буюк аждодларимиз изидан бориб, қимматли маълумотлар йиғиш ва уларни авлодларга етказишдек эзгу ишларингизга ривож тилаймиз.

Суҳбатни

Муҳаббат

Отамирзаева

олиб борди.

манбаа auz.uz


Киритилган вақти: 11/02/2017 08:29 Кўрилганлиги: 5638
 
Жами мурожаатлар: 1376 (100%)
Кўриб чиқилган: 1092 (79%)
Кўриб чиқилмоқда: 284 (21%)

Сайтдаги интерактив хизматларга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар: 175
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг