Бош саҳифа / Янгиликлар / Маҳаллада кутубхона очилди
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Маҳаллада кутубхона очилди

Андижон шаҳридаги Чўлпон 100 йиллиги маҳалласида кутубхона очилди. Тантана ҳақиқий маънавият байрамига айланиб кетди.

Яқинда маҳалла идораси янги бинога кўчиб ўтган эди. Собиқ идора биноси эса обдон таъмирланиб, ўрнида кутубхона иш бошлади. Тўйга тўёна билан келган мутасаддилар кутубхона фондига 150 дона янги китоблар тухфа қилдилар.

-“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурига мувофиқ Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси томонидан мамлакатимизда “Китоб акцияси” ўтказилмоқда, -деди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. – Акция доирасида уюшма ҳомийлигида нашр этилган 4800 дан зиёд адабиётлар Андижонга бепул тақдим этилди. Мазкур китоблар вилоятимиздаги энг намунали маҳаллаларга ҳамда Андижон шаҳридаги мактаб ва Болалар шаҳарчасига совға қилинмоқда.

Очилиш маросимида турли ёш, касб-кор ва тоифадаги маҳалла аҳли, 16-умумтаълим мактаби жамоаси йиғилди. Президентимиз ташаббуси билан китоб ўқишни тарғиб қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар айни муддао бўлганлигини дилдан гапирдилар.

-“Китоб-офтоб”, дея бежиз айтилмайди, - дейди сўзга чиққан маҳалла нуронийси Жабарали Раҳмонов. – Катта авлод вакиллари китобхонлик туфайли униб-ўсган. Миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналари орқали маънавий озуқа олган. Ёшларни айнан шу йўл билан интернетнинг салбий таъсиридан асрашимиз мумкин.

Маҳалланинг билим ўчоғига раҳбарлик қилишга дил амри билан Каримжон Рўзиев ризолик берди. Нафақадаги собиқ ўқитувчи ва мактаб директори шу каби хайрли ишни анчадан буён ният қилган экан.

-Ҳудудимизда 7800 нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди МФЙ раиси Ҳамидулло Отахонов. – Асосан ўқимишли ва зиёлилар. Улар кутубхона фондини шахсий жамғармалари ҳисобидан бойитиш таклифини билдиришмоқда. Бу борада 16 мактаб жамоаси ҳам ташаббус кўрсатиш истагида.

Шу куннинг ўзида китоблар ортилган “Дамас” автомашинаси вилоят марказидаги Болалар шаҳарчаси ва 4-умумтаълим мактабига ташриф буюрди.

Саидаҳмад Шукуров.




Киритилган вақти: 20/04/2017 09:29 Кўрилганлиги: 37
 
Жами мурожаатлар: 1223 (100%)
Кўриб чиқилган: 1013 (83%)
Кўриб чиқилмоқда: 210 (17%)

Сайтга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
Ташриф:
Кўришлар:
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг