Махсус имкониятлар
 
Бош саҳифа / Янгиликлар / Байрамга бағишланган ёшлар марофони
  Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

Байрамга бағишланган ёшлар марофони

Наврўзи оламга бағишланган югуруш мусобақаларининг “Андижон – Асака” магистрал йўлидаги старт чизиғига юзлаб енгил атлетикачи йигит ва қизлар турдилар. Улар вилоятимиздаги умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар, олий ўқув юртлари, ташкилот ва маҳаллалар шунингдек, ҳарбий қисмларнинг вакилларидир. Марофон иштирокчилари орасида вилоят терма жамоаларининг аъзолари, мамлакат ва халқаро мусобақалар ғолиблари бор.

Старт олдидан югуриш трассасида Ўзбекистон ва Мудофаага кўмакалашувчи “Ватанпарвар” ташкилотларининг байроқлари ўрнатилган автомобиллар ва картингчиларнинг чирой очиб ўтишлари тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.



Дастлаб ҳарбий спортчиларнинг баҳслари бўлиб ўтди. Унда маррага биринчи бўлиб шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи Жасур Асқаров етиб келди. У биз билан суҳбатда ўзини Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидан эканлиги, яқинда қисмда бўлиб ўтган Тоғ тайёргарлиги беллашувларида ғолиб чиққанлигини айтди.

Марафонда ҳарбийлар билан бирга “Ватанпарвар” ташкилотига қарашли Андижон бирлашган техника мактабида таҳсил кўраётган ёшлар ҳам иштирок этдилар. Унда курсант Турсунали Жўраев совриндорлар қаторидан ўрин олди.

Умумтаълим мактаблари енгил атлатикачилари ўртасидаги йигитлар баҳсида Андижон шаҳридаги 11-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Бегзод Насайдинов, қизлар ўртасида Андижон туманидаги 41-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Зуҳра Обидова биринчи ўринни эгалладилар.

Олий ва ўрта махсус таълими, шунингдек ташкилотлар, маҳаллалар вакиллари беллашувлари айниқса қизиқарли бўлди. Йигитлар ўртасида Андижон педагогика коллежи талабаси Абдухолиқ Жўрабоев биринчи, Андижон давлат университетидан Дилёр Ўктамов иккинчи ўринни қўлга киритдилар. Қизлар баҳсида Андижон олимпия захиралари коллежининг иккинчи босқич ўқувчиси Майрамхон Тожибоева ғолиб чиқди.

- Енгил атлетика билан болалигимданоқ шуғулланаман, - деди у. – Жалақудуқ туманида ўтказилган енгил атлетика мусобақаларида бир неча бор ғолиб чиққанман. Кейинчалик мураббийим Ойбек Қодиров раҳбарлигида вилоят, республика халқаро мусобақаларда пешқадамлик қилдим. Шу йил Инданезиянинг Жакарта шаҳрида бўладиган Осиё ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдим. Бу нуфусли мусобақада мамлакатимиз юзини ерга қаратмаслик, Давлат мадҳиямизнинг баралла янграши учун астойдил ҳаракат қиламан.

Марафон ғолиблари Бегзод, Зуҳра ва Абдулхолиқга таниқли мураббий, узоқ масофага югуриш бўйича мамлакат чемпиони Тоҳиржон Темиров мураббийлик қилади. Фидойи мураббийнинг шогирдлари орасида кўплаб иқтидорли йигит ва қизлар бор.

Ёшлар иттифоқи Бўз тумани 23-умумтаълим мактабидаги бошланғич ташкилоти етакчиси Хуршидбек Комолов бўзлик йигитларнинг марофонда совриндор бўлолмаганлигидан қаттиқ куйинаётганлигини кўрдик. Унинг айтишича Рустам, Даврон, Тўланбой, Асрор каби ёшлар бир йил давомида ҳар куни Бўздан Ёзёвонгача бўлган 22 километрлик магистрал йўлида ҳар куни астойдил машқ қилишган.

Нима бўлганда ҳам машғулотлар зое кетмаганлиги аниқ. Машқлар йигитларни чиниқтирган. Улар шу каби бошқа мусобақаларда пешқадам бўлишларига шубҳа йўқ.

Марафон якунлангач Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Андижон вилояти кенгашининг раиси Нодирбек Юсупов мусобақалар иштирокчиларини қизғин олқишлади. Ғолиб ва совриндорларга тегишли диплом, кубок ва қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.




Киритилган вақти: 20/03/2018 17:35 Кўрилганлиги: 162
 
Жами мурожаатлар: 1257 (100%)
Кўриб чиқилган: 1013 (81%)
Кўриб чиқилмоқда: 244 (19%)

Сайтга баҳо беринг

Матнда хатолик топдингизми?
 
Ташриф:
Кўришлар:
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг